Андижон 24

ЯНА ЎША МАВЗУ: ҚАТТИҚ «Х»МИ, ЮМШОҚ «Ҳ»МИ


02.11.2021   593

Ҳозирги давр кимники, тил билганники. Афсуслар бўлсинки, уч-тўрт тилни ўрганиш майли, ўз тилимизнинг имло қоидаларини оддий одамлар тугул олий маълумотлилар ҳам билишмайди. Ўтган йиллардамактаб директорлари диктант ёзиб, деярли барчаси икки баҳо олганианча шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Тил маданияти ҳақида гапирганда, аввало, шу тилнинг қонун-қоидалари назарда тутилади. Имловий, пунктуацион, грамматик, синтактик қоидалари шулар жумласидан.

Узоққа бормайликда, шундоқ ён-атрофга қарайлик. Кўчаларни тўлдириб ётган баннерлардаги реклама-эълонлар, дўкон номлари, қўйингки барча осилган стендлардаги ёзувларни кўздан кечирсангиз, 70 фоизи хато. Айниқса, имловий хатолар шуқадар кўпки, энг кўзга ташланадиганлари "Х" ва "Ҳ" ни алмаштириб ёзилганлиги.

Андижон туманидан шаҳримизга кириб келаверишда "Андижон шаҳрига ҳуш келибсиз" деган ёзув бор. "Хуш" сўзи форсчадан олинган бўлиб, яхши, ёқимли деган маънони беради. "Ҳуш" сўзи ҳам форсчадан олинган кишининг бирор ҳодисани сезиши, идрок қилиш, англаш маъноларини беради. Ҳушига келди, ҳушёр, беҳуш каби сўзлар. Демакки тўғриси "Андижон шаҳрига хуш келибсиз" бўлади. Кўчадаги сартарошхона, ошхона ва шунга ўхшаш жойлардаги ярим рус, ярим инглиз,яна қайсидир тилларда аралаш ҳолатда ёзилган эълонлар кўплигидан қайси бири ҳақида гапиришни билмай ҳам қолдик. Энг кўп учраганлари, ўқув марказларида ҳам хато ёзилса ачинасан киши. Асли мақсади абитуриентларни олий ўқув юртларига тайёрлаш бўлган таълим масканларидаки хато ёзилса, энди у ерни тамомлаган "толиби илмлар"ни билими қай даражада эканлигини ўзингиз тахмин қилаверинг.Шу сабабли ҳам талабалар, ўқувчилар, ҳаттоки ўқитувчи ва юқори лавозим эгаларининг кўпчилиги оддийгина "Х" ва "Ҳ" ҳарфларининг фарқига бормайдилар.

Шу ўринда баҳсли "Х"ва "Ҳ" ҳарфлари ҳақида гапирилганда, айнан кўп хатоликлар кирилл алифбосида учрайди. Чунки бу икки товушни ифодалашда бир-бирига шаклан ўхшаш бўлган икки ҳарф қабул қилинганлигидир.Шаклан ўхшашлик икки товушни бир-биридан фарқламасликка, ёзувда ажрата олмасликка замин яратади. Аслида эса товушлар ҳосил бўлиш ўрнига кўра бутунлай бошқа-бош-қадир. "Х" товуши ўзбек адабий тилида оғиз бўшлиғида, "Ҳ" эса бўғизда ҳосил бўлади.Биз доим қўллаб, кўп такрорлайдиган- қаттиқ ва юмшоқ ибораси ҳам нотўғри талқин бўлиб, ўзбек адабий тилида бундай ҳодиса учрамайди. Шунингдек, биргина ҳарфлар алмашиниши сўзнинг маъносини тубдан ўзгартиради.

Шунга қарамай, реклама ва эълонлар тайёрловчи офисларда ўзлари хоҳлагандек ёзиб қўяверадилар. На эълон берувчи бу ҳақда билимга эга эмас, на тайёрловчи. Имло луғати китоб дўконларида сон-саноқсиз, ҳаттоки PDF ҳолатида мобиль телефон орқали ҳам юклаб олиш мумкин. Ёзилаётган сўзни бир текшириб олинса кифоя, лекин буни бефарқлик деймизми ёки тилимизга бўлган ҳурматсизликми, билмадим. Излаган албатта имкон топади.

Инсон энг кўп ахборотни кўриш орқали олади. Бекорга китоб ўқи, дунёқарашинг ошади, билиминг ортади,дейилмайди. Кўп китоб ўқиган кишилар кам хато қиладилар. Чунки қайта-қайта ўқилган сўзлар хотирада сақланиб қолади. Ёшлар, ўқувчилар атрофга, реклама, стендларга қараб хатоликларга ўрганиб қолмасинлар. Ахборот асрида нима тўғри, нима хато, билмасдан, эртанги саводини йўққа чиқармасинлар. Энг ёмони, ўз она тилимизга ҳурматсизлик қилишга сабабчи бўлиб қолмайлик.

Шу ўринда машҳур қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоев айтиб ўтганидек, ўқувчилар "қаттиқ "Х"ми, юмшоқ "Ҳ"ми " демасдан, ўзбек алифбосида битта "Х" ва "Ҳ" товушлари борлигини англасинлар.

Моҳигул СИДДИҚОВА.