Андижонда

ЯНГИ МАКТАБ


14.08.2023   209

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2020-2024 йилларда “Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишни режалаштирган. У Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки иштирокида амалга оширилади.Лойиҳа жамоатчилик томонидан бирга олиб бориладиган ва инклюзив ижтимоий таҳлил асосида аниқланган, устувор деб белгиланган, жамоатчиликнинг ривожланиш эҳтиёжларини аниқлайдиган ва барча манфаатдор томонлар фойдалана оладиган Қишлоқ Тараққиёти Режаси кўринишида тақдим этилади.

Пахтаобод туманидаги Соҳил маҳалласида худди шу лойиҳа асосида 264 ўринли мактаб биноси қурилиши якунига етмоқда. Дастлаб лойиҳа ташаббускорлари маҳалла аҳли билан яқиндан суҳбатлашиб, одамлар учун ҳудудда энг зарур эҳтиёжларни ўргандилар. Аҳоли бир овоздан маҳалланинг мактаби йўқлигини, фарзандлари турли об-ҳаво шароитида олис йўл босиб қўшни қишлоқлардаги мактабларда илм олаётганини баён этдилар.

Хуллас, умумий қиймати 10 миллиард 150 миллион сўмлик лойиҳа асосида Соҳилда янги 47- умумтаълим мактаби биносига пойдевор қўйилди.

Салкам бир йилдан буён меҳнат қилаётган “Зеро макс билдинг” маъсулияти чекланган жамияти бунёдкорлари айни пайтда замонавий кўринишда қад ростлаган мактабнинг сўнгги пардозлаш ишларини бажаришмоқда. Ичимлик суви учун алоҳида сув қудуғи ва башня, сифатли электр таъминоти учун янги трансформатор ўрнатилди.

– Ҳудудда 2 минг 631 нафар аҳоли яшайди. Уларнинг 500 га яқини мактаб ёшидаги болалар, – дейди маҳалла раиси Муҳаммадрасул Холдоров. – Давлатимизга раҳмат. одамларимизнингэнг катта муаммоси ечим топди. Янги мактаб фарзандларимиз учун Мустақиллик айёмининг энг катта совғаси бўлди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.