Атрофга назар

Юридик терминлар электрон тезауруси ишлаб чиқилди


13.10.2023   81

Адлия вазирлиги, Тошкент давлат юридик университети, “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ва бошқа адлия муассасалари мутахассислари томонидан “Юридик терминлар электрон тезауруси ва инновацион мультимедия портали” ишлаб чиқилди.

Бугунги кунда юридик терминлар тизимини тартибга солиш ва шу асосда мамлакатимизда барча ҳуқуқ-суд тизими учун юридик терминлар тезаурусининг ягона электрон платформасини ишлаб чиқишга эҳтиёж мавжуд эди.

Лойиҳа муаллифлари томонидан 3 минг 236 юридик термин ва тушунчанинг тезаурус луғат мақоласи тайёрланди ва 2 минг 116 таси thesaurus.tsul.uz платформасига жойлаштирилган, 1 минг 126 термин эса экспертиза босқичида. Экспертизадан ўтгандан кейин улар ҳам платформага жойлаштирилади.

Платформадан фойдаланиш бўйича бешта видеойўриқнома яратилган бўлиб, уларда барча жараёнлар батафсил тушунтирилган ва шу платформага жойлаштирилган.

Лойиҳа орқали ҳуқуқий терминлар тартибга солинди. Юридик тушунчалар битта платформада жамланмоқда. Ҳуқуқий таълим учун қулайлик яратилади. Қонун ижодкорлигида самарадорлик ортади. Бошқа фан ва техника соҳалари тезауруслари учун намуна бўлади. Юридик тилни такомиллаштиришга ёрдам беради. Ҳуқуқий терминлар тартибга солинади.

Платформа орқали фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш даражасини ошириш, марказлашган электрон базаларни яратиш, бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан электрон тарзда маълумот алмашишни ташкиллаштириш бўйича бир қатор натижаларга эришиш мумкин.

Жумладан, ушбу платформа “Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси” (Lex.uz) янада ривожлантирилишига ҳисса қўшади.