Андижон 24

ЗЎРАВОНЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ЙЎЛИДАГИ НАВБАТДАГИ ЖИДДИЙ ҚАДАМ


29.05.2023   105

Юртимизда аёлларни турли тазйиқлардан ҳимоя қилиш, хусусан, уларга нисбатан зўравонликларнинг олдини олиш йўлида жиддий ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Бундай амалий саъй-ҳаракатлар эса оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашга, хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга хизмат қилади, албатта. Қонунчиликдаги ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтиришга доир ўзгаришлар ҳам ана шу мақсадларни назарда тутганлиги билан аҳамиятлидир.

Хусусан, шу йил 11 апрелдаги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан бир қатор ўзгаришлар амалиётга жорий қилинди. Яъниким, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги 231-модда билан тўлдирилди.

Жумладан, эндиликда тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади.

Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкин.

Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилади.

Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқаради.

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.

Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтиради.

Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.

Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилади.

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди.

Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур жиҳатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлашга имкон беради.

Беҳзод Турдиев,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси