Андижонда

2023 йилда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалига келган мурожаатларнинг 87 фоизи ижобий ечим топган


06.01.2024   1072

Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан бирга, уларнинг мурожаатларини ҳам вақтида қондиришни ўз олдига асосий мақсад қилиб олган. Ҳар бир мурожаат ортида қайсидир бир юртдошимизнинг тақдири ётади. Буни яхши англаган “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимлари ходимлари ҳам ҳар бир мурожаатни ўрганишда мурожаатчи билан учрашиб, муаммонинг асл мақсадини ўрганишга ҳаракат қилмоқдалар. Мурожаат қилаётганларнинг барчасига нафақат истеъмолчи, балки биринчи навбатда сизу биз билан ёнма-ён яшаётган юрдошимиз, ватандошимиз сифатида қаралмоқда. Ана шундай инсоний ёндошувлар бугунги кунда аксарият муаммоларни ҳал этишга ёрдам бермоқда.

“...Жорий йилнинг 25 декабрига қадар “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 14 747 та мурожаат келиб тушган, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали Ижро назорати бўлим бошлиғи Хуршидбек Ҳайитбаев. Ушбу мурожаатларнинг 7 458 таси виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган бўлса, қолган мурожаатларнинг 5 122 тасини оғзаки, 1 105 тасини ёзма, 5 та электрон ҳамда 1 057 тасини “Ишонч телефонлари” орқали келиб тушган мурожаатлар ташкил қилади. Шунингдек, 988 нафар фуқаро бевосита Филиал биносида қабул қилинган ҳамда 3 502 нафар фуқаронинг мурожаатлари сайёр қабулларда тингланган ва ижрога йўналтирилган...”

Барча мурожаатлар Филиал ва унинг бўлимларидаги ижро назорати бўлимлари томонидан тўлиқ назоратга олинган. Ўтган давр мобайнида барча мурожаатларнинг 12 895 та ёки 87 фоизи ижобий ҳал этилган ёки мурожаатчининг талаби қаноатлантирилган. 1 318 нафар ( 9 %) мурожаатчига тушунчалар берилган. Рад этилган мурожаатлар 28 та (0,2 %) ва айни пайтда эса 506 та (3,8 %) мурожаат ўрганилмоқда.

Виртуал қабулхоналар орқали келиб тушган мурожаатларнинг 1508 таси халқ қабулхоналари орқали, 5 950 таси эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни ташкил этмоқда.

“....Ўтган давр мобайнида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиал маъмуриятига бевосита 1083 нафар жисмоний ва 104 нафар юридик шахслар ариза ва шикоятлар билан мурожаат этганлар. Ушбу 11 87 та мурожаатнинг 891 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 255 та истеъмолчига тушунча берилган. 5 та мурожаатчига рад жавоби берилиб, 36 та мурожаат ўрганиш жараёнида. Шунингдек, жойларда ҳам “Ҳудудгазтаъминот” АЖ вакиллари билан сайёр қабуллар ташкил этилди. Мазкур қабулларда ҳам фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга ечим топилди”, - дейди Филиал мутахассиси Баҳодир Тўхтасинов.

Филиал маъмуриятига келиб тушган мурожаатларнинг 359 тасида табиий газ таъминоти тўғрисидаги масалалар кўтарилган. 36 нафар мурожаатчи табиий газ билан газлаштириш тўғрисида, 225 нафари фойдаланилган табиий газ учун тўловлардаги муаммолар хусусида мурожаат қилганлар. 536 та мурожаатда суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар баён этилган. Қолганларида эса молиявий ва бошқа турдаги масалаларни ечиш ҳақида жисмоний ва юридик шахслар мурожаат этган.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг марказий авария диспетчерлик хизматига декабр ойининг 25-санасига қадар 7 988 та мурожааат келиб тушган ва уларнинг барчаси тўла бартараф этилган. Жумладан, газ қувурларида газ сизиб чиқиш ҳолати бўйича 2 та, хонадонларда газ сизиб чиқиш ҳолати бўйича 222 та, газ босими юзасидан 4 633 та, газ ҳисоблагичларни ишлаши бўйича 1 121 та, суюлтирилган газ билан боғлиқ масалалар 1 255 та ҳамда бошқа масалалар юзасидан 755 та мурожаатлар келиб тушган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ва унинг шаҳар-туман бўлимларига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳал этилмоқда ёки тушунча берилиб, мурожаатчининг кўнгли олинмоқда. Бугун Филиал тизимида ҳар бир мурожаатчига истеъмолчи сифатида қаралиб, таъминотни янада яхшилаш учун қилган мурожаатларидан керакли хулосалар қилинмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти матбуот хизмати