Андижонда

АНДИЖОН ЭНДИ ЯНА БИР АВТОЗАВОДГА ЭГА


27.09.2023   84

Ўзбекистон автосаноатида яна бир янгилик юз очди. Вилоятимизда дунё бўйича ўз нуфузига эга бўлган “FAW” бренди остидаги юк машиналари ишлаб чиқариш заводи ишга туширилди.

“Водий Универсал Мажмуа” масъулияти чекланган жамияти корхонаси ҳамда Хитой давлатидаги “FAW Group” корхонаси томонидан тақдим этилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 15 миллион долларни ташкил қилди. Ўзбекистон ва Хитой автомобилсозлик саноати учун муҳим воқеа бўлган заводнинг очилиши ўз навбатида “FAW Group” корпорациясининг 70 йиллик юбилейи учун ҳам ўзига хос янги қадам сифатида баҳоланганини алоҳида қайд этиш лозим.

Корхонанинг тантанали очилиш маросимида сўз олган вилояти ҳокими Шуҳратбек Aбдураҳмонов янги завод нафақат Андижоннинг юзи, балки бутун мамлакатнинг нуфузига айланишини таъкидлади.

“Faw trucks” директорлар кенгаши раиси Ху Ханьцзе, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги вакиллари, “Vum” дилерлик корхоналари раҳбарияти, ҳамкорлар ҳамда вилоятнинг бир гуруҳ фаоллари иштирок этган мазкур тантана яна бир андижонча ифтихорнинг намунаси бўлди.