Андижонда

Андижон шаҳридаги кўп қаватли уйларда газни тежаш бўйича тушунчалар берилмоқда


15.10.2023   115

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари жойларда истеъмолчилар орасида энергия ресурсларини тежаб ишлатиш, газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини давом эттирмоқда. Ана шундай тарғибот ишлари Андижон шаҳрининг 5-кичик даҳасида жойлашган кўп қаватли уйларда олиб борилди.

“Октябрь ойида одатда кундузлари илиқ, кечалари бироз совуқ тушади, — дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали муҳандиси Муҳаммадсоли Қосимов. – Шундай пайтлар кўплаб уй бекаларимиз газни ёқиб уй иситишлари мумкин. Бу эса хонадонда газни исроф бўлишига ёки ис газининг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Мана шундай оқибати нохуш ҳолатларга олиб келувчи ҳаракатларни қилмаслик бўйича истеъмолчиларга тушунчалар бермоқдамиз».


Истеъмолчилар билан суҳбатлар жараёнида табиий газни тежаш бўйича тавсиялар берилди. Ностандарт газ жиҳозлардан фойдаланаётган истеъмолчиларга огоҳлантиришлар берилиб, зудлик билан уларни алмаштириш, ис газидан эҳтиёт бўлиш чораларини кўриш бўйича тушунчалар берилди. Ушбу кўп қаватли уйларда яшовчиларга қандай қилиб кунига камида 1 метр кубдан газ тежаш мумкинлиги тушунтирилди. Керакли вақтда газдан фойдаланиш ёки оддий чой қайнатиш вақтида ўзига керакли миқдордаги сувни қайнатиш каби ҳолатлар билан ҳам қанча газ тежаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.


Бугун газ каби неъматдан оқилона фойдаланиш, беҳуда сарфламаслик барчанинг ўз олдига қўйган фуқаролик вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир куб тежалган газ бошқа бир юртдошимизнинг хонадонида ҳам “зангори ёқилғи”ни ёнишига сабаб бўлади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати