Андижонда

АНДИЖОН ТАЖРИБАСИ: КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК БОШҚАЧА


10.10.2023   101

Ижтимоий соҳа объектларидаги иситиш тизимларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ушбу объектларга иссиқлик энергиясини узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, шунингдек, соҳага хусусий инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида Бўстон туманидаги 69 та ижтимоий соҳа объектида давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган ишлар кутилган натижаларни берди.

Чунки илгари таълим ёки соғлиқни сақлаш тизими ходимлари қишда ишлаш учун хаминқадар шароит яратиш билан банд бўлган ҳолда, лавозим вазифаларини уддалашга вақт тополмас эди. Эндиликда совуқ кунларга тайёргарлик ташвиши уларнинг елкаларидан соқит бўлди. Ўз-ўзидан фаолиятга масъулият билан ёндашиш ва самарадорликка эришишга астойдил киришилди.

Бу борадаги Андижон тажрибаси Президентимизнинг 2023 йил 10 апрелдаги «Ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш тўғрисида» ги қарорида ҳам алоҳида қайд этилди ва оммалаштириш йўлга қўйилмоқда.

Мазкур қарор билан ижтимоий соҳа объектларининг иситиш тизимларини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш тизимини жорий этиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. 2023-2026 йилларда республика ҳудудларида фаолият юритаётган давлат ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш орқали куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, қозонхоналарни модернизация қилиш ҳамда муассасаларнинг иссиқлик тизимини таъмирлаш ва белгиланган меъёрларда ишлашини таъминлашни босқичма-босқич жорий этиш чоралари белгилаб олинди.

Вилоятимизда мавжуд 1 минг 642 та ижтимоий соҳа объектидаги мавжуд иссиқлик таъминоти тизимлари хатловдан ўтказилиб, уларнинг техник ҳолатидан келиб чиқиб, 2023 йилда модернизация қилинадиган объектлар рўйхати шакллантирилди.

Хўш, шундай экан, қиш эшик қоқиб турган паллада ишлар қандай кетяпти?

Биргина Жалақудуқ туманида бугунги кунда ижтимоий соҳада 113 та ташкилот ва муассаса фаолият кўрсатиб келмоқда. Туман молия бўлими раҳбари Темурбек Шокаримовнинг маълумотларига кўра, мавсумда иситиш тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида соҳа объектлари давлат хусусий шериклик асосида 3 та лотга бўлинган ҳолатда салоҳиятли тадбиркорларга бўлиб берилган.

2023 йил дастурига мувофиқ 51 та ташкилотда модернизация ишлари якунига етказилди. Жами 8 минг 439 тонна кўмир захираси режага киритилган бўлиб, ҳозирда 5,5 минг тонна ёқилғи муассаса ва ташкилотларнинг омборларида сақланмоқда. Қолган қисми тадбиркорларнинг омборларида захирада.

  • 15 ноябрь келса кўмир топиш, хоналарни иситиш ташвиши куну тун хаёлимизда турар эди, - дейди тумандаги 2-умумтаълим ўрта мактаби директори Муҳаммаджон Бозорқулов. – Қарор ижроси ўлароқ, “Миразиз” МЧЖ томонидан мактабимиз кластер тизими асосида иситиладиган бўлди. Август ойининг ўзидаёқ Туркия давлатидан сифатли қозонлар келтирилди. Ҳозир ёмғир, қордан хавотиримиз йўқ. Мавсумга шаймиз. Ўқитувчилар энди фақат таълим тарбия ишлари билан шуғулланадилар.
  • Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Тошбулоқ қишлоқ врачлик пунктида ҳам бу борадагиҳаракатлар якунига етказилди, - дейди оилавий шифокорлик пункти мудираси Мунаввара Каримова. -Сентябрь ойида тадбиркорлар замонавий қозонлар ўрнатишиб, хоналарнинг бир меъёрда исишини синовдан ўтказдилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, ўтган йилги аномал совуқ мавсумга шайлик борасида анчагина муаммолар борлигини кўрсатиб қўйди. Янги кластер тизимида иситиш хусусий бошқарувга ўтгач, тармоқлар модернизация қилиниб, қозонхоналар замонавийсига алмаштирилмоқда. Бу бинолар бир меъёрда исийди, ёқилғи маҳсулот сарфи иқтисод қилиниб, иссиқлик энергияси 30 фоизга тежалади, дегани.Қолаверса, бу йил юқори каллорияли кўмир маҳсулотлари импорт қилинмоқда.Демак, қиличини қайраб турган қиш мавсумидан беталофат ва хавотирсиз ўтиб оламиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.