Андижонда

Андижондан Америкага мактаб поябзаллари етказиб берилади


18.10.2023   99

Вилоятимизда фаолият юритаётган «Classica shoes International» корхонаси АҚШнинг «YNK» компанияси билан мазкур мамлакатга мактаб пойабзалларини етказиб бериш бўйича шартнома тузди.

“YNK” компанияси АҚШ мактаблари учун биринчи синфдан то 12 синфгача бўлган ёшдаги болалар учун мактаб формалари ҳамда пойабзалларни етказиб бериш билан шуғулланади. Унинг миссияси ўқувчиларни сифатли ва ишончли бўлган кийим-кечак ҳамда пойабзаллар билан таъминлашдир. Компания 100 фоиз пахта ва табиий чармдан тайёрланган кийим-кечак ва пойабзалларни харид қилиши билан Қўшма штатлардаги таълим муассасаларининг ишончини оқлаган. Айнан шу сабаб, мамлакатдаги мактаблар мазкур компанияга йилига катта ҳажмда буюртмалар беради.

“YNK” ҳамкорлари қаторида Ўзбекистоннинг “Classica shoes International” корхонаси ҳам бор. Юқори сифат ва дизайн ҳамда ишлаб чиқаришдаги халқаро стандартлар АҚШ компаниясини эътиборидан четда қолмади. Ўзбекистон корхонаси мазкур компания билан 2024 йил учун дастлаб 35 минг жуфт пойабзал харид қилиш бўйича экспорт шартномасини имзолади. Шартноманинг умумий ҳажми қарийб 500 минг долларни ташкил этади. Бу бошланиш албатта, келгусида АҚШ компанияси Ўзбекистондан экспорт ҳажмини янада кенгайтиради, деб хабар беради “Ўзчармсаноат” уюшмаси матбуот хизмати.

2024 ўқув йилидан АҚШ мактабларидаги ўқувчилар “Made in Uzbekistan”- “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остидаги пойабзалларда дарсларга қатнашни бошлайди.