Андижонда

Андижонликларга 2023 йилда 85 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди


09.01.2024   962

2022 йилда эса бу кўрсаткич 81 минг 300 тоннани ташкил этган эди. 2022 йилда вилоят бўйича суюлтирилган газ истеъмолчилари сони 473 минг 588 нафар бўлиб, 2023 йил сўнггида эса истеъмолчилар сони 476 минг 353 тани ташкил этди ва 2 765 нафар янги истеъмолчилар сафга қўшилдилар.

“Ўтган 2023 йилда суюлтирилган газ таъминоти истеъмолчиларга тўла онлайн тизим асосида етказиб берилди, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали директорининг суюлтирилган газ масалалари бўйича ўринбосари Зафарбек Қаҳҳаров. – Биз истеъмолчиларга олдинги йилга нисбатан 4 минг 200 тонна кўп газ етказиб берилди. Бу дегани 2022 йилга нисбатан 210 минг дона кўпроқ маиший газ баллонлари хонадонларга кириб борди. Жорий йилда ҳам ўз олдимизга истеъмолчиларни ўз вақтида суюлтирилган газ билан таъминлаш, уларга сифатли хизмат кўрсатишни мақсад қилганмиз..”

Бугун вилоятнинг қайси чеккасига борманг албатта одамларни маший газ баллонларида овқат пишириб, чой қайнатаётганларини кўрасиз. Мисол учун, Хщжаобод туманининг “Тош ота” маҳалла фуқаролар йиғини ҳам тоғлар бағрида жойлашган маҳаллалардан. 589 нафар истеъмолчига эга маҳалла аҳлида 816 та маиший газ баллонлари мавжуд бўлиб, баллон билан таъминланганлик даражаси 138 фоизга етказилган. Аҳоли суюлтирилган газни ID карталар орқали олаётганига мана бир йилдан ҳам ошди. Онлайн тизим орқали газ етказиб бериш бошланган вақтларда истеъмолчиларда тушунарсиз ва норозиликлар ҳолатлари учраган бўлса, ҳозирда ушбу тизимдан барча мамнун. Махсус карта орқали газ учун тўловни ечиб олиниши, газ учун ортиқча тўлов олмаслик, ҳар бир маиший газ баллонни кузатиш имкони мавжудлиги аҳоли учун қулайлик туғдирмоқда. Йил бошидан бери “Тош ота”ликларга 136 тонна газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режа амалда 128 фоизга бажарилмоқда.

“..Биз янги тизим бўйича газ оляпмиз,- дейди Андижон туманидаги “Султонобод” МФЙ “Гулистон” кўчасининг 126-уйида яшовчи Тошвой ота Йўлдошев. – Жуда қулай экан. Картага пул солиб юрамиз, қачон газ келса бемалол газ баллонимни алмаштира оламан. Ҳам вақтда ютаман, ҳам пул борми, йўқми демайман. Баллонга ёпиштирилган чип ҳақида ҳам айтишди. Уни ҳам эҳтиётлаямиз. Қисқа қилиб айтсам, рақамлаштириш деган сўзни телевизорда эшитардик, мана энди ўзимиз ҳам шу жараённи гувоҳи бўлиб, бевосита иштирок этаяпмиз ҳам...”

Ўтган йилда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ етказиб бериш йўналиши ишчилари истеъмолчиларнинг 4 миллион 280 мингдан ортиқ маиший газ баллонларини суюлтирилган газ билан тўлатиб беришган. Жорий йилда эса бу рақамни янада ошириш, истеъмолчилар хонадонларига пешма-пеш газ етказиб беришни мақсад қилганлар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати