Атрофимиздаги одамлар: КЎПЧИЛИК БИЗНИНГ МЕҲНАТИМИЗДАН УЯЛАДИ...
31.03.2023 236
Бир донишманддан “Гўзаллик қаерда кўринади?” дея сўрадилар. У “Озодалик, покизалик, саришталик бор жойда гўзаллик макон топади”, деб жавоб берди.
Дарҳақиқат, озодалик – ободликка доя. Яшаётган ҳудудимиз, кўча-кўйимиз, маҳалламиз чиройи, аввало тозалик билан юз очади. Бироқ, ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқа олармикан?
Ҳар куни ишга, харидга ёки бошқа юмуш билан остона хатлаб чиқамиз. Кўчанинг ҳолати истасак-истамасак эътиборимизни тортиши табиий. Йўл чети бўйлари сариштами ёхуд кўнгилни хира қилгудекми, хуллас ҳаммаси кўз олдингизда намоён бўлади.
Бугун вилоятимизнинг қай гўшасига қараманг, ободлик тантана қилаётганини кўриш мумкин. Кўчаларни озода қилаётган махсус кийимдаги юртдошларимизни ҳар куни учратамиз. Аммо уларга том маънода бефарқмиз. Ишларига эътибор қилмаймиз. Ҳатто айрим кимсаларнинг уларга очиқчасига паст назар билан қараётганига, меҳнатларини қадрламаётганига гувоҳ бўламиз. Жаҳлимиз чиқса-да, ҳимояга сўз айтолмаймиз. Нега?
Бир аёлни биламан. Умрини болаларига бағишлади. Бева қолганида тўрт норасидаси хали эсини танимаган экан. Бошига рўзғор мушти тушганида эсанкирамади. Озодаликни шиор билгандай, қўлига берилган супургидан орият қилмади. Ободонлаштириш бўлимига ишга кирди. Ҳалол меҳнат қилди. Маҳалла-кўйда шу ҳалоллиги билан ҳурмат қозонди. Қилаётган ишидан ор қилмади. Ер юзини очгани учунми, Яратган уни фарзандлар камолию роҳати билан сийлади. Қарангки, бугун келинлари ҳам қайнона ишини давом эттиряпти. Гўёки улар “меҳнатнинг айби йўқ” деган нақлни исботлаётгандай...
Аёлнинг оила, рўзғор, фарзанд камоли учун жон куйдириши қонига сингган. Айни саришталик юмушларини бажариб юрган қиз-аёлларимизга қараб ўйга толаман:
Шундайлар бор, аёл деб атамоққа номус қиласан киши. Белида, билагида қуввати, кучи бўла туриб, ҳалолликдан бош товлайдилар, осонгина орсизлик йўлини танлаб қўя қоладилар. Аммо... ана шу ҳар куни учратаётганларимиз махсус камзулли аёлларимиз эса ободлик ва оодлаликнинг доялари, дегим келади. Ерга ёруғлик иниши биланоқ қишми-ёзми замин юзини очадилар. Улар яратган покизалик эса сизу бизнинг баҳри димизга нур беради. Бундайларга раҳмат айтиш керак эмасми?
Муборак ҳайит куни эди. Азонлаб ўз меҳнатига киришган Гулнора опа (Эшонхўжаева)нинг ёнига янги хориж автомобили тўхтади.
-Опажон, мана буни олиб, яхшилаб дуо қилиб қўйинг, меҳнатингиз аслида энг яхшиларига арзийди,- деган овоз келди ёнгинасидан. Кўркам бир йигит целлофан халтада бир нима тутиб турарди. Бу ҳақда Гулнора опа шундай эслайди:
-...Дастлаб ҳеч нимага тушунмадим. Билсам, ўша пул ҳайитлик – болаларимнинг ризқи экан. Шундай мурувватли одамлар борлигидан хурсанд бўлдим. Кўпчилик бизнинг ишимиздан уялади, аммо ҳалолликнинг айби борми? Мен қувонаман? Шу касб билан дилбандларимнинг кам-кўсти битяпти, оиламиз бут бўляпти. Яратган Эгам ризқимизни улуғ қиляпти...
Бу аёл сингари фидойиларни қадамда учратамиз. Уларнику бу касб-кори, лекин шундайлар бор буни чин дилдан бажарадилар.
Кексароқ бир онахон ҳар куни кўчаларни супириб-сидираётганининг гувоҳи бўламан. Эгнида оддий уй кийими(Махсус камзул киймаган, демак, у ободонлаштириш бўлими ходими эмас). ўзича бир нималарни гапириб, кимлардандир норози оҳангда тозалов ишлариниадо этади. Қизиқдим. Гапираётганларига қулоқ солдим.
- Эҳ, нодонлар-а, ҳаммаёқни ифлос қилмай юришса бўлмасмикан? Ўз уйингни ҳам тозалаб ўтирарсан... бу ҳам ернинг юзику...
Кейин билсам, ўша онажон касб тақозосидан эмас, озодаликни хоҳлагани учун кўчаларни супуриб, ахлатларни йиғиб юраркан.
Мана олижанобликнинг, оддийликнинг ибрати!
Болалигимда раҳматли бувижоним азонлаб уйғотардилар. Кўча ва ҳовлини супуришга ундардилар. Болалик қилиб, уйқудан воз кечишга қийналган пайтларим “Сен ернинг юзини очсанг, Парвардигор сенинг юзингни ҳар ерда ёруғ қилади, болам”, дея таъкидлардилар. Улғайиб, бу ҳикматни теран англадим. Ҳозир эса ҳар гал йўлларимизни супуриб озодалаётган фидойиларни кўрсам, “Сизлар юзлари энг ёруғ инсонларсиз!” дегим келади...
Зилола РАҲМОНОВА.