Андижонда

Бешқовоққа суюлтирилган газ ўз вақтида келади


04.10.2023   137

Хўжаобод туманидаги “Бешқовоқ” маҳалла фуқаролар йиғини Имомота тоғ ёнбағирларида жойлашган. Ушбу МФЙ ўрамида 554 та хонадонда 3000 дан ортиқ фуқароларимиз истиқомат қилиб келмоқда. “Хўжаободтумангаз” газ таъминоти бўлими таклифига кўра, “Бешқовоқ” МФЙга ташриф буюрган “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати суюлтирилган газ тарқатишда бирга иштирок этди.

“Маҳалламизтуман ва вилоятимизнинг чекка ҳудудлардан бири бўлишига қармасдан суюлтирилган газ ўз вақтида етказиб берилмоқда. Белгиланган графигимиз бор. Ҳар ойнинг белгиланган санасида бизни МФЙ ўрамидаги истеъмолчиларга “Хўжаободтумангаз” филиали ходимлари “айланма” усул бўйича аҳоли маиший газ баллонларини алмаштириб кетмоқдалар”-дея маълумот берди МФЙ раис Жамолдин Каримов.

Туман газ таъминоти бўлими томонидан маҳалла аҳлига 814 дона маиший газ баллонлари ижара шартнома асосида тарқатилган.Аҳолининг маиший газ баллон билан таъминланганлик даражаси 146 фоизни, истеъмочиларга суюлтирилган газ етказиб беришнинг ўртача даврийлиги эса 38-43 кунни ташкил этмоқда. Ўтган давр мобайнида маҳалла аҳлига 49 тонна 560 кг газ етказиб берилган бўлиб, белгиланган режа 120 фоизга бажарилмоқда.

“Шукр газларни ўз вақтида етказиб беришяпти. Авваллари 60-70 кунда келган кунлар ҳам бўларди, ҳозир 40 кунга ҳам бормаяпти,- дейди “Маданият” кўчасида истиқомат қилувчи истеъмолчилардан бири Барчиной ая Эркаева. – Ҳозир кунда икки-уч маҳал қозон қайнатамиз, чой қўямиз. Газ идораси ходимларига раҳмат. Баллонимиздаги газ тугагунга қадар етказиб келишяпти ва ўрнида бошқа газ тўла баллонга алмаштириб беришяпти. Барака топишсин.”

Ҳар бир маиший газ баллони истеъмолчиларга назорат тарозиларидан ўтказиб берилмоқда. Маҳалла аҳлининг ҳар бири ўз хонадонлари олдига бўшаган маиший газ баллонларини ҳам қўйиб қўйишибди. Демакки, маҳаллада хонадонма-хонадон суюлтирилган газ тарқатиш тартиби аллақачон йўлга қўйилган.

“Хўжаобод туманида 14 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларимиз бор,-дея суҳбатга қўшилди бўлимнинг суюлтирилган газ теказиб бериш етакчи муҳандиси Бобуржон Ўринов. – газ етказиб беришдан бўш вақтларимизда чилангарлар билан тарғибот ишларини ҳам олиб бормоқдамиз. Жумладан, совуқ кунлар яқинлашмоқда. Бундай ҳолатларда, кўпчилик тушунмасдан газ баллонни ошхона ёки ўзи яшаб турган хонага олиб кириб олади. Бу нотўғри ва хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантиришлар берилмоқда...”

Хўжаобод туманидаги 14 минг 272 нафар истеъмолчида 20 317 та маиший газ баллонлари мавжуд. Шундан 16 837 донаси ижара шартнома асосида таъминотчи томонидан тарқатилган. Жорий йилнинг ўтган 9 ой давомида аҳолига 2 минг тоннадан зиёд суюлтирилган газ етказиб берилди. Истеъмолчиларни ўз вақтида газ билан таъминлашда жамиятнинг“Хўжаободтумангаз” филиали ходимлари фидоийлик билан меҳнат қилмоқдалар.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати