Атрофга назар

Фуқароларнинг пенсия таъминотига оид ҳуқуқлари – қонун ҳимоясида


20.09.2023   138

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида “ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган.

“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, ёшга доир пенсия; ногиронлик пенсияси; боқувчисини йўқотганлик пенсияси каби давлат пенсияларининг турлари белгиланади.

Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин.

Давлат пенсияларининг турли хилларини олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларга уларнинг ўзлари танлаган битта пенсия тайинланади.

Бугунги кунда пенсия олувчилар юртимизда кўпчиликни ташкил қилади. Пенсия олувчилар бошқа фуқароларга нисбатан ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлиги барчамизга маълум. Мамлакатимизда уларнинг бу борадаги ҳуқуқлари таъминланиши баробарида, айрим ҳолларда амалиётда пенсия таъминоти олувчи шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш билан боғлиқ муаммо ва камчиликлар учраб туриши ҳам бор гап. Бу эса, ўз навбатида пенсия таъминотига муҳтож бўлган шахсларнинг пенсия олишга бўлган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига таъсир кўрсатмоқда. Бунинг асосий сабаби давлат органларининг пенсия тайинлашга доир моддий ва процессуал қонун нормаларини нотўғри қўллашлари билан боғлиқдир.

Маъмурий судларда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлаш ёки тиклаш ҳақидаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг архивдан иш ҳақи тўғрисидаги маълумот чиқмаганлиги сабабли муайян меҳнат фаолияти даврини иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги; бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг архивдан суғурта бадали тўланганлиги тўғрисидаги маълумот чиқмаганлиги сабабли муайян меҳнат фаолияти даврини иш стажига қўшмаслик билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги; бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг иш ўрни аттестацияси мавжуд эмаслиги сабабли имтиёзли пенсияга чиқишни рад қилиш билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги; бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг иш ҳақи ёки меҳнат фаолиятини тасдиқловчи маълумотлардаги ёзувлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатлардаги маълумотларга мос келмаганлиги сабабли пенсия тайинлашни рад қилиш билан боғлиқ ҳаракатини қонунга хилоф деб топиш ёки қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги; пенсия жамғармасининг пенсия тайинлаш бўйича комиссиясининг пенсия тайинлашни рад этиш, пенсияни бир турдан бошқа турга ўтказишни рад этиш, пенсиядан чегирмалар қилиш тўғрисидаги қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишлар кўрилиши мумкин.

Бундай тоифадаги, яъни бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ёки бошқа органнинг қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги ишлар ариза тартибида, мансабдор шахснинг ҳаракатини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш ҳақидаги ишлар эса, шикоят тартибида кўрилиши лозим.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратсак. 2023 йилнинг ўтган 8 ойи давомида Андижон вилоят маъмурий судлари томонидан пенсияга оид 9 та иш мазмунан кўрилган бўлиб, шулардан 6 таси бўйича фуқароларнинг аризаси қаноатлантирилган, 3 таси бўйича ариза қаноатлантиришдан рад қилинган.

Хулоса ўрнида айтганда, ижтимоий таъминот олувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамиша қонун ҳимоясида.

Беҳзод Абдуназаров,

Андижон вилояти маъмурий судининг судьяси