Атрофга назар

ИНСОН МАНФААТЛАРИ ТЎҒРИ ВА МУНОСИБ ТАЪМИНЛАНМОҚДА


04.09.2023   96

Халқ билан мулоқот қилиш ва инсон манфаатларини ҳимоялаш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланган. Бу эса юрт тараққиётига, халқ фаровонлигига, энг асосийси, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини тубдан такомиллаштиришга замин яратади. Яъни, мулоқот ва манфаат тушунчаси халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланади.

Фаолиятимизни шу мезон асосида олиб бориш жараёнида бизга, давлатга, жамиятга билдирилган ишончнинг нақадар юксак, масъулиятли эканини ҳар нафасда ҳис қиламиз. Биз орқали одамларимизнинг муаммолари ҳал бўлаётганидан қувонамиз. Яхшиси, мисоллар билан ўртоқлашсак.

Жорий йилнинг 1 июлига қадар 415нафаржисмоний ва юридик шахслардан тушган 436та мурожаатнинг 352 тасига ижобий ечим топишга эришдик.

Масалан, туманимизда жойлашган Каркидон канали устидаги кўприк жуда яроқсиз ҳолга келиб қолгани тўғрисидаги мурожаат Янги ҳаёт маҳалласи аҳли вакиллари томонидан берилган эди. Тегишли масъуллар билан бордик, кўрдик: чиндан ҳам кўприк хавфли ҳолатда, айниқса транспорт қатнови учун жиддий қийинчилик туғдираётган экан. Муаммо қайта қуриш республика инвестиция лойиҳасига киритилди. Жорий йилнинг июнь ойида 4,9 миллиард сўмлик лойиҳа асосида янги кўприк қуриш ишлари бошланди.

Чекка худудларимиздан бири ҳисобланган Оқбош маҳалласига эса болалар боғчаси кераклиги эътиборимиздан четда қолмади. Аҳолининг талаблари ўринли. Тез фурсатда маҳаллада28-сонли мактабгача таълим муссасасининг 120 ўринли янгибиноси қурилиб, ишга туширилди.

Увайсий маҳалласи аҳли ҳам умумэътибордаги муаммо билан мурожаат қилди. Яшаш ҳудудидаги 30-умумтаълим мактаби биноси аллақачон яроқсиз ҳолатга келиб қолгани,болаларнинг замонавий мактаб шароитида билим олиши учун янги мактаб биносини қуриш заруратини асослаб берди. Мурожаат дарҳол назоратга олинди. Мутасадди ташкилотлар ўз вақтида жалб қилинди. Айни вақтда ҳудудда 300 ўринли,қиймати 4.2 миллиард сўм бўлган мактаб филиалининг янги биносини бунёд этиш ишлари авжида.

Яна бир мисол. Миришкор маҳалласи Шакарчек кўчасида яшовчи Сайдумар Иминов паррандачилик фаолиятини ривожлантириш учун 1 миллиард сўм кредит олишда муаммоларга дуч келган. ТИФ Миллий банк томонидан сўралган кредит маблағи олинишига эришилди. Бугун товуқхонадаги 23 минг бош паррандалар парваришига масъул 10 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Сайёр қабуллар орқали ҳам туманимиз аҳли муаммоларини бартараф этишга кўмаклашяпмиз. Жумладан, 3-сектор ҳудудида ташкил этилган сайёр қабулда Барҳаёт маҳалласи, Хамса кўчасида яшовчи Отикахон Мусаеванинг муаммоси жойида ҳал этилди. Айтишича, фуқаро бир неча йилдан буён Олтиариқ туманидаги сиҳатгоҳга даволаниш учун навбатда турган, бироқ навбати ҳамон келмаётганига қандай сабаб тўсиқ бўлаётганини билмайди. Мурожаат ўрганилгач, ҳомийлик асосида аёл Фарғона вилояти, Олтиариқ туманидаги “Олтиариқ фахрийлар” сиҳатгоҳга юборилди.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Туман аҳолиси томонидан Халқ қабулхонасига қилинган ҳар бир мурожаат назоратга олиниб, ижроси таъминланиб келинмоқда. Зеро, фуқаро ва давлатнинг манфаатлари, ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқлиги бош қомусимизда ҳам белгилаб қўйилган. Халқ қабулхоналари айнан мана манфаатлар муштараклигида инсон манфаатлари тўғри ва муносиб тарзда таъминланишида асосий кўприк вазифасини бажармоқда.

И.РЕЖАВАЛИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Марҳамат туманидаги Халқ қабулхонаси

мудири