Атрофга назар

КОНСТИТУЦИЯ –МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИК ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИ


30.09.2023   133

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VIIбобида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар белгиланган бўлиб, ушбу бобнинг 30-моддасига кўра, “ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас”.

Ушбу моддагаэътибор қаратадиган бўлсак, унинг ҳар бир жумласиҚонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланганлиги кўринади.

Мисол учун, Жиноят Кодексининг4-моддасига асосан, содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва бошқа ҳуқуқий оқибатлари фақат Жиноят кодекси билан белгиланиши, Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажариши кўрсатилган.

Ушбу модда шарҳига эътибор қаратадиган бўлсак, Шахсни жиноий жавобгарликка тортишда жиноят қонунининг аниқ ва ягона шакли белгиланган бўлиб, унинг юридик ҳамда бошқа ҳуқуқий оқибатлари тартибга солиниши, жиноят қонунида кўрсатилмаган ҳар қандай қилмиш жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Конституциянинг мазкур нормасига шарҳ берадиган бўлсак, бу норма Жиноят, Жиноят-процессуал, Мамурий жавобгарлик тўғрисидагива Фуқаролик кодексларида ўз ифодасини топган. Айтайлик, Жиноят Кодексининг 1411-моддаси 1-қисмига кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик юзага келиши белгиланган ва жазо қўллаш тахдиди ўрнатилган (базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари тайинланиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексининг142-моддасига асосан, турар жойга унда яшовчиларнинг эркига хилоф равишда зўрлик ишлатиб ғайриқонуний бостириб кириш —уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу модда шарҳига эътибор беринг. Яъни у Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактга ва Инсон ҳуқуқлари умумжахон декларациясига тўлиқ мос келади, масалан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 17-моддасида ҳеч кимнинг уй-жой дахлсизлигига ўзбошимча ёки ғайриқонуний тарзда тажовуз қилиш мумкин эмаслиги белгилаб қўйилиши, ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмаслиги, уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилиши яққол ифодасидир. Бу ҳолатлар Конституциямизда ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Кўриниб турибдики, бош қомусимиз бўлган Конституциямиз Қонунларга ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда қабул қилинган.

Дилмир ХАЛИЛОВ,

Андижон вилояти маъмурий суди судьяси