Атрофга назар

Конституция нормаларининг тўғридан-тўғри ишлаши одил судловга эришишда муҳимдир


28.09.2023   502

Жорий йил 30 апрель куни халқ хоҳиш-иродасининг ифодаси сифатида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция халқчиллиги, жамиятдаги муҳим муаммоларни тўғридан тўғри тартибга солиши ҳамда бевосита инсон манфаатларига қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Бош қомуснинг 15-моддасига кўра, у мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Айни тамойилдан келиб чиқиб, бугунги кунда судларда ҳам Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш орқали адолатли суд қарорлари қабул қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада жорий йил 23 июнда Олий суд Пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинди.

Мазкур қарорда Конституциянинг олий юридик кучга эгалиги ҳақидаги қоида унинг нормалари барча қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туришини англатиши қайд этилган. Шунга кўра, судлар кўриб чиқилаётган ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонун ва бошқа норматив ҳужжатнинг мазмунини баҳолаши ва Конституция нормаларини тўғридан тўғри амал қилувчи олий юридик кучга эга норматив-ҳуқуқий асос сифатида қўллаши лозим.

Шу ўринда суд амалиётидан келиб чиқиб, ҳаётий мисолларга тўхталсак. Даъвогар М.А. судга С.А.га нисбатан даъво ариза билан мурожаат қилиб, 2018 йили жавобгар билан қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганлиги ҳамда биргаликдаги турмушлари давомида бир нафар фарзандли бўлганлиги, бироқ жавобгар билан ўрталаридаги никоҳдан ажратилганлиги, боласи ногирон бўлганлиги боис ҳеч қаерда ишлай олмаётганлиги, моддий жиҳатдан қийналиб қолганлиги ҳамда фарзанди бир умр қаровга муҳтож эканлигини билдириб, ўғлининг ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар алимент ундиришни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилади. Лекин жавобгар суднинг мазкур ҳужжатига нисбатан апелляция шикояти келтириб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўрайди. Вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ишни атрофлича кўриб чиқиб, қуйи суднинг юқорида зикр этилган қарорини ўзгаришсиз қолдириш, яъни апелляция шикоятини қаноатлантирмаслик хусусидаги тўхтамга келди. Судлов ҳайъати ўз ажримида, энг аввало, Конституциянинг 77-моддасини асос сифатида келтирди. Чунки Бош қомуснинг мазкур моддасида “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” дея қайд этилган.

Яна бир мисол. Вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси фуқаро Г.А.нинг манфаатини кўзлаб, «IJODKOR» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан «Меҳнат вазифаларини бажариш вақтида майибланганлиги учун тўланадиган бир марталик нафақа, ойма-ой зарар пуллари ва маънавий зарарни ундириш ҳақида»ги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Асака туманлараро судига мурожаат қилган.

Аниқланишича, 2022 йилнинг июль ойида Г.А.нинг ўнг қўли МЧЖдаги ғишт ишлаб чиқариш дастгоҳида тан жароҳати олади. Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, тан жароҳати олганлиги меҳнат вазифаларини бажариш ҳолатлари билан боғлиқ деб ҳисобланади. Тиббий меҳнат экспертиза комиссияси хулосасига кўра, Г.А.нинг касбий меҳнат лаёқатини йўқотганлиги даражаси 10 фоиз деб белгиланади. Даъвода Республикада белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ошиб бориш ҳолатида ҳисоблаб чиқарилганида, Г.А.нинг ўртача ойлик иш ҳақи 2 миллион 600 минг сўм бўлганлиги, пенсия ва нафақалар 7 фоиз оширилганлиги назарда тутилиб, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори 2 миллион 782 минг сўм, бир йиллик сумма эса 33 миллион 384 минг сўм ҳисобланганлигини, бундан ташқари, йўқотилган иш ҳақи учун етказилган зиённи қоплаш тарзида амалга ошириладиган ҳар ойлик тўлов 278 минг 200 сўмни, бунинг йиллик суммаси эса 3 миллион 338 минг 400 сўмни ташкил этиши билдирилиб, жавобгардан Г.А. фойдасига бир марталик нафақа, ҳар ойлик тўловлар ҳамда маънавий зарарни ундириш сўралган.

Суд низони барча важлар ва иш ҳужжатлари билан бирга батафсил ўрганиб чиқди ҳамда даъвони қаноатлантириш хусусидаги тўхтамга келди. Яъни жавобгардан Г.А. фойдасига ўз вақтида тўланмаган 33 миллион 384 минг сўм нафақа, 3 миллион 338 минг 400 сўм миқдоридаги ойма-ой зарарлар, шунингдек, 5 миллион сўм маънавий зарар ундириладиган бўлди.

Суд ҳужжатини қабул қилишда эса, биринчи навбатда, Бош қомусимизнинг 55-моддаси, яъни ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги, ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланиши хусусидаги норма асос қилиб олинди.

Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин. Эътибор беринг, янги таҳрирдаги Бош қомус кучга кирган кундан бошлаб жорий йил август ойининг якунига қадар Андижон вилоятида фуқаролик муносабатларига доир низоларни кўришда биринчи инстанция судлари томонидан 434 маротаба, вилоят судининг фуқаролик судлов ҳайъати томонидан эса 39 маротаба Конституция нормалари қўлланилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатда ўтказилган конституциявий ислоҳотлардан асосий мақсадлардан бири ҳам халқнинг Конституцияга бўлган ишончини кучайтириш, турли ҳаётий масалаларга ечим топишда Бош қомус ҳуқуқий таянч ва суянч вазифасини ўтайдиган кучга айланишига эришишдир. Бу эзгу тамойил судлар фаолиятида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

Жасуриддин Абдусаттаров,

Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари