Атрофга назар

Конституциявий қонун лойиҳаси Брайль алифбосида


05.04.2023   203

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизматининг хабарига кўра, мамлакатимизда «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси Брайль алифбосида чоп этилди. Бу эзгу иш Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва «Барқарор ривожланиш маркази» томонидан амалга оширилди.

Янгиланаётган Конституция матнидаги нормаларнинг ярмидан кўпи инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилган. Жумладан, лойиҳанинг 57-моддасига мувофиқ, меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Конституция лойиҳасининг 115-моддасида Вазирлар Маҳкамаси аҳолини, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаши зарурлиги белгиланган.

Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Миллий марказ ташаббуси билан 2020 йилда илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги Қонун Брайль алифбосида нашр этилган эди.

Ўз навбатида, Конституциявий қонун лойиҳасининг Брайль алифбосидаги нашри ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.