Атрофга назар

ОДАМЛАР ЎЗ ҲАЁТИДАН РОЗИ БЎЛИБ ЯШАШЛАРИ УЧУН ҲАРАКАТДАМИЗ


04.09.2023   98

Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган самарали ва барқарор тизим шаклланди. Бу борада олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришлар фаолиятимиз негизида юрт тинчлиги, фуқаролар манфаати ва фаровонлигини таъминлаш мақсадлари мужассамлигини исбот этмоқда.

Очиғи, фуқаро манфаатлари тўғри ва муносиб тарзда таъминланишида бу тизим асосий кўприк вазифасини бажаради. Фуқароларнинг давлат ва унинг органлари томонидан эътиборга олинмаётган муаммоларини ҳал этишда муҳим ўрин тутаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Эндиликда фаолиятимиз фақат идорада ўтириб фуқароларни қабул қилиш эмас, балки жойларга чиқиб сайёр қабулларни ташкил этиш, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш амалиёти билан мутаносиб бўляпти.

Мисоллар жуда кўп. Масалан, туманимизнинг Анорзор маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидан оқиб ўтувчи “Тентаксой” дарёси устига Избоскан-Пахтаобод туманларини боғловчи кўприк қурилиши зарурати ҳақидаги мурожаатни олайлик. Аслида бир вақтлар бу дарё устида кўприк бўлган. 1968 йилда катта сел келиши оқибатида ювилиб кетган. Шу кунгача аҳоли қанча-қанча мутасаддиларга мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳал бўлмаган. Бизга бу масалани Ўрта қишлоқ маҳалласидан Хусанбой Орифжонов кўтариб чиқди. Бориб ўргандик. Масала чинданам долзарб. Кўприк ҳар икки туманнинг 500 минг нафа аҳоли вакилларини боғлаб туради. Тегишли ваколатли идоралар ҳамкорлигида масала дарҳол ўз ечимини топгани бизнинг ютуғимиз. Мана, ҳозир туманимиздаги 4Н1082 Пастқишлоқ-Чувама 11 км с А/Д Андижон-Маданият 5 км. Тентаксой устидан ўтувчи лойиҳа қиймати 6 млрд. 734 млн. сўм бўлган, узунлиги 73 метр ва эни 10 метр бўлган кўприк фойдаланишга топширилди.

Тадбиркорликка катта эътибор берилаётган, ишбилармонлар қўллаб-қувватланаётган даврнинг одамларимиз. Боқижон Маҳмудов ҳам тиббиёт соҳасининг малакали мутахассиси бўлиш билан бирга яхшигина тадбиркор. 50 йиллик ҳаёти соҳада беморларга даво улашиб ўтди. 33 йил Андижон Тиббиёт Олийгоҳида дарс берди. Туманда хусусий шифохона очиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келяпти. Айни шифохонага Хитой давлатидан олиб келинаётган 2 млрд. 400 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳозлари узоқ муддатдан буён Божхона терминали омборхонасида асоссиз ушлаб турилгани, уларни олиб келишда амалий ёрдам сўради. Саломатлик ҳар недан устун. Айниқса, туманимиз аҳли соғлиги учун қайғураётган, замонавий тиббий аппаратлар текшируви учун вилоятга бориб юрмай одамларимиз узоғини яқин қилишга уринаётган тадбиркорнинг муаммосини тегишли мутасаддилар ҳамкорлигида ҳал этишга эришдик.

Албатта, мисоллар Халқ қабулхоналари институти амалда бераётган натижаларнинг кичик кўринишлари холос. Халқ билан мулоқотнинг бу ноёб тизими туфайли мурожаатлар билан ишлаш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Жорий йилнинг ўтган даври қабулхонмизга келиб тушган 850 тадан зиёд мурожаатлар кўриб чиқилди, шундан 820 тадан ортиғи қаноатлантирилди. Мурожаатларнинг тўлиқ, ўз вақтида ва қонуний ўрганиб чиқилиши натижасида уларни қаноатлантириш даражаси ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, бу кўрсаткич 2021 йилда 55,6 фоиз, 2022 йилда – 59,1 фоиз бўлса, 2023 йилда эса 80,1 фоизни ташкил этди. Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида эса наинки бир киши, балки бир қанча оилалар тақдиридаги ўзгаришлар мужассам. Биз халқимиз фаровонлиги, давлатимиздан розилигига эришиш йўлидаги фаолиятимиздан фақат куч оламиз.

Ойбек МЕЛИБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Избоскан туманидаги Халқ қабулхонаси

мудири