Андижонда

Пахтаободликларга газни тежаш бўйича тушунчалар берилмоқда


06.10.2023   116

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали ходимлари жойларда истеъмолчилар орасида энергия ресурсларини тежаб ишлатиш, газдан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини давом эттирмоқдалар.

Ана шундай тарғибот ишлари Пахтаобод туманининг “Мустаҳкам” маҳалла фуқаролар йиғини ўрамидаги хонадонларда олиб борилди. Соҳа ходимлари маҳалла аҳлига қандай қилиб кунига камида 1 куб газни тежаш, ундан оқилона ва хавфсиз фойдаланиш ҳамда ис газидан эҳтиёт бўлиш борасида тавсиялар беришди.

“Совуқ кунлар бошланмоқда. Бу бизни тилимизда ўтиш даври дея аталалади, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг муҳандиси Муҳаммадсоли Қосимов. – Мана шу даврда кундузлари иссиқ, кечалари эса ҳароратнинг пасайгани сезилади. Айрим хонадонларда эса мана шу пайтларда газдан иситиш учун фойдаланишга эҳтиёж сезилади. Ис газининг пайдо бўлиши, газни тежаш, умуман гиз жиҳозларини мавсумга тайёрлаш каби масалалар кун тартибига чиқади. Ана шуларни аҳоли вакиллари орасида юриб тушунтирмоқдамиз...”

Шунингдек, “Саноат” маҳалласи ўрамидаги истеъмолчиларга ҳам табиий газни тежаш бўйича тавсиялар берилди. Ностандарт газ жиҳозлардан фойдаланаётган истеъмолчиларга огоҳлантиришлар берилиб, зудлик билан уларни алмаштириш, ис газидан эҳтиёт бўлиш чораларини кўриш бўйича тушунчалар берилди. Ушбу маҳалла истеъмолчиларига ҳам қандай қилиб кунига камида 1 метр кубдан газ тежаш мумкинлиги тушунтирилди. Керакли вақтда газдан фойдаланиш ёки оддий чой қайнатиш вақтида ўзига керакли миқдордаги сувни қайнатиш каби ҳолатлар билан ҳам қанча газ тежаш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.

“Бугун хонадонимга газ ходимлари келиб, газни тежаш ва унинг фойдаси ҳақида тушунча беришди, - дейди “Мустаҳкам” маҳалласи оқсоқоли Нозимжон Ҳошимбоев. – Кунига қандай қилиб ҳеч йўқ 1 куб газни тежашлик масаласида айтиб ўтди. Ахир, динимизда ҳам исрофгарчилик ҳақида гапирилган. Тежаш эса, исрофгарчиликни олдини олади, тежалган газ эса бошқа бировни уйида ёниши мумкин.Бу масалани энди, қўни-қўшниларга ҳам тавсия қиляпман..”

Бугун газ каби неъматдан оқилона фойдаланиш, беҳуда сарфламаслик барчанинг ўз олдига қўйилган фуқаролик вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир куб тежалган газ эса, бошқа бир юртдошимизнинг хонадонида ҳам “зангори ёқилғи”ни ёнишига сабаб бўлади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати