Андижонда

ТАРБИЯДА, ТАЪЛИМДА, КАСБУ ҲУНАРДА, ОИЛА ВА ЖАМИЯТДА ВАТАНПАРВАРЛАР ТАРБИЯЛАШДА БИРЛАШАЙЛИК!


12.10.2023   242

Андижон вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси, давлат ва нодавлат ташкилотлар ҳамкорлиги ва амалий кўмаклари билан “Янги маънавий макон яратиш, маърифатли жамият қуриш сари” мавзусида “Маънавият ва маърифат форуми” бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг мамлакат аҳолисига Мурожаатномаси ижросига чорловини ўзида мужассам этган мазкур форум аввалида иштирокчилар эрк ва ҳурлик куйчиси Абдулҳамид Чўлпон хиёбонида шоир ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Андижонлик ёниқ қалбли ижодкорлар ҳамда ўқувчилар томонидан ўқилган оҳанрабо сатрлар тадбирнинг кўтаринки кайфиятда бошланишига замин бўлди.

  • Мақсадимиз, Янги Ўзбекистоннинг истиқболлари бўлган ёшларимизни тарбияда, таълимда, касбда, ҳунарда, оилада, жамиятда юртимиз хизматига ярайдиган илмли, меҳру оқибатли, асосийси, миллатпарвар, ватанпарвар қилиб тарбиялашда бирлашишдир, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов. – Шунингдек, оммавий маданиятсизлик, ёт ғоялар, мафкуралар, терроризм, радикализм, миллий қадриятларни поймол этиш, бегона маданий унсурларга берилиб кетиш, худллас, жамики иллату хурофотлардан юртдошларимизни, фарзандларимизни асрашда бирлашишдир. Айни пайтда вилоятда фаолият юритаётган жами 49 нафар маънавият тизими ходимларимиз ушбу масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этишда юрт фидойилари, илму урфонлар, маънавий-мафкуравий салоҳияти юқори инсонларга таяниб тарғибот олиб бормоқдалар.

Форум иштирокчилари кўзи ожизлар учун вилоят махсус кутубхонасида мамлакатимизда ҳар қандай инсоннинг билим олиши учун етарли шарт-шароитлар яратилганининг гувоҳи бўлдилар.

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабида бўлиб ўтган маънавият дарслари кузатуви бўлажак ижодкорларнинг маънавий сабоқларни қанчалар ўзлаштира олаётганликлари намоёни бўлди.

- Андижон шаҳридаги 56-умумтаълим мактабида бешта миллий маданият марказлари вакилларини чиқишларини кузатдик, - дейди форум иштирокчиси шоир Ғани Мажид. – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остидаги тадбир мамлакатимизда барча миллат вакиллари эмин-эркин яшаб, ишлаб, ижод қилаётганликларига кўзгу бўлди.

Форумнинг асосий тадбири Андижон давлат университетида давом этди. Унда мурожаатномада кўтарилган долзарб масалалар ечимини таъминловчи устозлар, зиёлилар, ота-оналар, ёшларнинг маърузалари тингланиб, мавзуга доир қизиқарли амалий машғулотлар ва тақдимотлар ўтказилди.

Якунда иштирокчилар Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессансини қура оладиган маънан етук, ақлан соғлом, фикран тиниқ, қалбан пок авлодни тарбиялашдек эзгу иш учун бутун куч ва ҳаракатларни бирлаштиришга, жалб қилишга келишиб олдилар.

Зилола РАҲМОНОВА.