Атрофга назар

ТАРИХАН ШАКЛЛАНГАН, ДИНИЙ-ДУНЁВИЙ ИСЛОҲОТЛАРДА ЧАРХЛАНГАН ТИЗИМ


31.08.2023   121

СУД АСЛИ ҚАНДАЙ ТИЗИМ?

СУД - славянча “судь” сўзидан олинган, асли “иш” деган маънони беришини ҳаммамиз яхши биламиз. Суд бу судловни амалга оширувчи, муайян давлатнинг қонунларига асосан процессуал тартибда жиноий, фуқаролик, маъмурий ва бошқа тоифадаги ишларни кўриб чиқувчи ва ҳал қилувчи давлат органи. Айрим шахслар ўртасида, улар билан давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти, жамоат бирлашмалари ўртасида мулкий ва номулкий низоларни, қонунбузарликларга доир ишларни кўриб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхона, муассасалар, ташкилот ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилади. Суд бошқа давлат органларидан, жамоат бирлашмалари ва ҳар қандай шахсдан мустакил ва холисона фаолият юритиши, барча ишларни фақат қонунга бўйсуниб кўриб чиқиши ва ҳал этиши лозим.

ЎЗБЕКИСТОНДА СУДЛАРНИНГ ТАРИХИЙ БОСҚИЧЛАРИ

Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида давлатчиликка хос кўп асрлик тарихга мазкур тизим фаолиятини қадимдан халқ маданияти, анъаналари ва маънавий негизига асосланиб, обрў-эътиборли, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган кишилар амалга оширишган. Улар чиқарган қарорлар ҳар қандай шубҳадан холи ва барча учун мажбурий ҳисобланган.

Ўзбекистонда қарийб 13 асрлик тарихга эга соҳа фаолияти давомида шариат қонунларига амал қилган қозилик суди ҳамда халқ урф-одатлари ва анъаналарига суяниб қарор қабул қилган бийлар суди мавжуд булган.

ХЎШ, БИЗНИНГ АЙНИ КУНДАГИ СУДЛАРИМИЗ ИБТИДОСИ ҚАЧОН БОШЛАНГАН?

Ўрта Осиёни забт этганидан сўнг мустамлакачи чор ҳокимияти Россия қонунларига амал қилувчи Судларни тузди, яъни ҳозирги кўринишдаги судларимизнинг илк намоёнини.

1917 йилда Октябрь тўнтаришидан сўнг “халқ” Судлари ва трибуналлар таъсис этилди. Улар коммунистик партия ва инқилоб манфаатларига хизмат қилди, қонунга эмас, яъни улар “пролетарча онг”га суянарди. Суд ўрнини кўп холларда “махсус кенгаш”, “учлик комиссия” каби маъмурий тузилмалар эгаллаганди. Ўша вақтларда Суд адолатга эмас, ваҳшиёна қатағон, шафқатсиз жазолашга хизмат қилди. Суд батамом мустақилликдан йироқдаги партия ва совет ижроия органларига карам эди.

ОЛИЙ СУДНИНГ БИРИНЧИ РАҲБАРИ ТАҚДИРИ ХУСУСИДА ИККИ ОҒИЗ...

1901 йил Тошкент шаҳрида дунёга келган Саъдулла Қосимов сиёсий етук шахс эди. 1918-1920 йилларда “Ўзбек педагогика билим юрти”да таҳсил олган. Фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Сўнгра большевиклар фирқасига кирган, Туркфронт сиёсий бўлимига сафарбар этилган, ҳарбий хизматдан кейин суд бошқарув тизимида ислоҳотлар ўтказиш даврида кекса тажрибали қозилар билан бирга тергов-тафтиш ишларини олиб борган. У Ислом ҳуқуқи ва замонавий ҳуқуқ тизимини чуқур таҳлил асосида ўрганади. Бу эса унинг кейинги фаолиятида катта мактаб бўлди.

Саъдулла Қосимов 1923 йилдан Тошкент вилоят суди аъзоси, 1924 йил декабрдан вилоят суд раиси ўринбосари ва 1925 йил мартдан Тошкент вилоят суди раиси бўлди. У 25 ёшида, 1925 йил декабрдан ЎзССР МИК Президиумининг қарори асосида ЎзССР Олий суди раиси бўлиб иш бошлади.

У ҳар бир ишни диққат билан ўрганиб, ҳалол, адолатли ва холис ечимга келар, виждон қонунини пролетар қонунлардан юз бор устун қўярди. Бу эса пролетар диктатураси қонунларига зид эди.

1929 йил бошларида “Саъдулла Қосимовнинг устидан миллатчилик ва порахўрликда айблаб шикоят тушган”, деган баҳона билан Марказ унинг меҳнат фаолияти устидан текшириш белгилайди.

Комиссия 1929 йил 3 март куни С.Қосимовни ўз вазифасидан расман озод қилиб, қамоққа олади. Уч ой давом этган текшириш ва терговларда бирорта айблов ўз исботини топмади. Натижада Саъдулла Қосимов озодликка чиқиб, хатто ўз ишига тикланишга эришади. Комиссия Москвага бориши билан танқидга учради. Улар учун ҳақиқат эмас, ҳар қандай ҳолда ўзининг сиёсатига қарши чиққан С.Қосимов маҳв этилиши керак эди…

1930 йил март куни С.Қосимов устидан навбатдаги айблов баённомаси СССР Олий суди прокуратурасининг муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан тузилди. Самарқандда очилган суд иши 1930 йил 25 мартдан 21 июнгача бўлиб ўтади. Уч ой давом этган бу суд инсоният тарихидаги энг манфур саҳна суди бўлди.

1931 йил 21 июнь куни СССР Олий суди номидан Саъдулла Рашидович Қосимов олий жазога ҳукм қилинди. Хуллас, замонлар ўтди, қанча сувлар оқиб кетди. Аммо Саъдулла Қосимов оқланмади. Умид қиламизки яқин замонларда Ўзбекистоннинг илк Олий суди раиси Саъдулла Қосимов албатта оқланади ва бу жараёнлар жиддий илмий тадқиқ этилади.

ИСТИҚЛОЛ СУД ТИЗИМИНИ ҚАНДАЙ ИСЛОҲ ЭТЯПТИ?

Мустақиликка эришилгандан сўнг Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг таркибий вазифаси сифатида суд-ҳуқуқ ислоҳоти ўтказилмоқда.

Хусусан, 1993 йил 2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Мазкур қонун билан судлар фаолияти тартибга солинган (Конституциявий суд бундан мустасно). 2000 йил 14 декабрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Ижтимоий муносабатлар, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ривожлангани сари янги қонун нормасини қабул қилишга эҳтиёж сезилади. 2021 йил 28 июль куни “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун қабул қилинганлиги муносабати билан 1993 йил 2 сентябрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда 2000 йил 14 декабрда “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрири ўз кучини йўқотган деб топилди.

2021 йил 28 июль куни “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни олдин қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонунлардан фарқи нимада?

Янги қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан судья лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши белгиланди. Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этиши кўрсатилди.

Судьяларнинг лавозимда бўлиш муддатлари кўрсатилди. Унга кўра, судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.

Халқ маслаҳатчиси бўлишга қўйиладиган талаб белгиланди. 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.

Янги қабул қилинган қонун билан судьяларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ нормалар киритилди, ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмаслиги, одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланди.

ИСЛОМДА СУД ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ЎРНИ

Исломда “суд” калимаси “Қозилик” ибораси билан тушунилади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида улуғ саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу вилоятлардан бирида қози бўлганлар ана ўшанда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга машҳур мактубни ёзганлар. Мазкур мактуб кейинчалик қозилик ишларининг дастурига айланиб қолган десак муболаға қилмаган бўламиз. Оврупа халқлари ҳам уйғониш давридан сўнг, қозилик нима, маҳкама нима, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари нима каби масалаларни Андалус мусулмонларидан ўрганганларидан кейин, ҳазрати Умарнинг мактубларини ўз тилларига таржима қилиб ўргандилар. Кейинчалик ўқув юртларида дарс қилиб ўтдилар ҳам.

ХЎШ, ҚОЗИЛИК ЛАВОЗИМЛАРИГА КИМЛАР ТАЙИНЛАНГАН?

Қозилар ҳукмдор томонидан тайинланадиган шахслар бўлиб, уларга шариат илмини яхши билиш, озод шахс бўлиш, мустақил қарорлар қабул қила билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш ҳамда ақли расо шахс бўлиш каби талаблар қўйилган.

Шу ўринда қандай шахслар қози бўла олмайдилар деган савол туғилиши табиий. Қози лавозимини эгаллаш мусулмон бўлмаган шахсларга, қуллар ва чўриларга, туҳматчиликда айбланган шахсларга, оғир жиноят содир этганларга ҳамда вояга етмаганларга ман этилган.

Кўриниб турибдики, қозиликка ҳар қандай шахс ҳам тайинланавермаган. Қозилар ўз вазифаларини сидқидилдан, шариат қоидаларига асосланган ҳолда ба-жаришлари шарт бўлган. Ҳар бир қози ўз фаолиятида бошқа қозиларни адолат билан ишлашга ундаши, дин ва шариатга ҳамда ўша даврнинг ҳуқуқий мезонларига риоя қилишни талаб этиши лозим саналган.

Қозиларга қуйидаги ҳолатларда ҳукм чиқариш мумкин бўлмаган: қорни оч бўлганда; жаҳли чиққан маҳалда. Бундан ташқари, агар қози била туриб адолатсиз ҳукм чиқарса, мансабидан бўшатилган. Бундай шахсларнинг авлодларидан ҳеч бирига қози бўлишга рухсат берилмаган. Агар жавобгар ҳукм чиқариш пайтида дастлаб даъвогар талабига қарши турса-ю, сўнгра кўринмай кетса, қози қарор чиқариш муддатини кечиктириши мумкин эди. Чунки, қоидага кўра, қози қарор чиқараётган пайтда даъвогар билан жавобгар ўртасида ҳақиқий баҳс бўлиши керак эди. Шу орқали ҳақиқатни юзага чиқариш мумкин бўлган.

ҚОЗИЛИК МАҲКАМАЛАРИ ДАСТЛАБ ҚАЕРДА ВУЖУДГА КЕЛГАН?

Тарихдан маълумки, мусулмон фиқҳи асосида иш кўрадиган қозилик маҳкамалари дастлаб Арабистонда вужудга келиб, айниқса, Абу Юсуф даврида махсус муассаса сифатида шаклланган. Хорун ар-Рашид (786 – 808) даврига келиб, халифаликда “Қози-ал-қуззот” лавозими таъсис этилади. Дастлаб “Қози-ал-қуззот” халифага қозиликка тайинлаш учун фақатгина номзод кўрсатиш ваколатига эга бўлган. Қозиларни тайинлаш ҳуқуқи эса халифада қолган. Бироқ кейинчалик халифа қозиларни тайинлаш ваколатини бутунлай Қози-ал-қуззотга топширади. Шундан сўнг қозилик маҳкамалари тизими тўла мустақилликка эришди.

Судда исбот-далил кучига эга бўлган асосий нарса — гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳужжатлар ҳамда лозим бўлган ҳолларда қози томонидан яширин ёки очиқ ҳолда ўтказиладиган гумонлардан тозалаш (шартли равишда психиатрик экспертиза) ўтказилишидир. Қози “Бунда гувоҳ ёки жавобгарнинг сўзларига ишониш мумкинми?”, “Унинг характери, руҳияти қандай?” деган саволларга жавоб топиш учун уни яхши билган ёки кишилар характерини ажрата оладиган кишиларга ёзма сўров юборган, баъзан очиқ суд мажлисига шундай кишилар (камида икки киши)ни таклиф қилган.

ХУЛОСА.

Кўринадики, ислом шариатида вужудга келган, тарихий манбаларда босқичма-босқич бизгача етиб келган тизим ислоҳотларида барибир қайсидир жиҳатлар ўхшаш. Албатта, мустамлака давридаги суд тизими билан бугунги тизимнинг фарқли томони ер билан осмонча. Бугун шаффофлик, очиқлик, адолат, қонун устуворлиги илк ўринда. Ислом эса айни мезонларни тизим фаолиятида бир неча аср илгари мустаҳкамлаб қўйган ва амалга татбиқ этган.

Азизбек НИШАНОВ,

Андижон вилоят суди,

судья катта ёрдамчиси