Атрофга назар

УРУШ МЕНГА САБР ВА ҲАЛОЛЛИКНИ ЎРГАТДИ


08.05.2024   499

Маҳаммаджон Маҳмудов Файзулло ота ва Кўпайхон аяларнинг бош ўғли эди. Ёшлигидан кураш, дзюдо ва самбо билан шуғуллангани учунми армияга кетар чоғида қаҳрамонимизни Афғонистонга жўнатишди.

“...Мени армия сафига 84 йилнинг апрель ойида чақиришган, - дейди Маҳаммаджон Маҳмудов. -Дастлаб Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Термиз туманларида 3 ойча тайёргарликдан ўтдик. Кейин Афғонистоннинг Файзобод шаҳрига олиб келишди. Қисмларга бўлиш жараёнида русчани билганим, спорт тайёргарлигимни билишгач, разведка гуруҳига олишди. Шундан кейин 86-йилнинг майига қадар развед ротада хизмат қилдим..”

Оддий аскар М.Маҳмудов Афғонистонда ҳам чин дилдан жанг қилди. Чунки мағлуб бўлса, улар туғилган юртига қадар, Андижонигача келишини яхши тушунарди. Хизмат давомида 14 та “тил” ушлади ва муҳим маълумотларни олинишига ўз ҳиссасини қўшди. Қундуз, Ҳайратон, Бадахшон тоғларида қон кечди, кунлаб сувсиз, овқатсиз қолса-да, сабр қилди, йигитлик бурчини тўла виждон билан адо этди.

“...Уруш ҳеч қачон яхши бўлган эмас. У менга сабр ва ҳалолликни ўргатди. Қачонки сабр қилсанг ва ҳалол бўлсанг умринг узоқ бўлади. Нафсни енгсанг доим ютасан. Бу кейинги ҳаётимда айниқса иш жараёнларида қўл келди. Тинчлик кунларни қадрига етиш керак. У жудаям муқаддас неъмат. Лекин тинч ва осуда кунларда шогирдаларимга аввало нафсини тийишни, сабр ва ҳалоллик ила ишлашни айтаман,” – дейди Маҳаммаджон ака.

Афғонистондан қайтгач ота касбини эгаллашга иштиёқ туғилди. 1990-2000-йиллар орасида “Ўзгазлойиҳа” институти Андижон бўлимида дастлаб лойиҳачи, кейин муҳандислик лавозимларида ишлади. 2000-йилдан ҳозирга вақтга қадар Андижон шаҳар газ таъминотида турли бўлимларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Қайси ҳамкасбидан сўраманг у ҳақда илиқ фикрлар билдиришади.

“...Маҳаммаджон ака жамоатчилик асосида шаҳар газ таъминотининг бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси, - дейди Филиал бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Гулчеҳрахон Маматхўжаева. Барча жамоат ишларида фаол, оғир, вазмин фикрловчи бу инсон билан кўп тадбирларни бамаслаҳат ташкил қиламиз...”

Бугун 3 та ўғилдан 5 та набираси бор. Аёли Раънохон Маҳмудова билан фарзандлар роҳатини кўриб фароғатда яшамоқда. Зеро, уруш кўрган ва Ватан учун қон кечган инсон мана шундай бахтли кунларда яшашга ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳақлидир.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати