Атрофга назар

ЎЗБЕКИСТОНДА IMEI-КОДЛАРНИ КЛОНЛАШ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК БЕЛГИЛАНАДИМИ?


26.09.2023   86

Сўнгги йилларда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига кам ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқларига зарар етказиб, мобил телефон ўғирлиги, шунингдек, мобил телефонларни қўлга киритиш мақсадида босқинчилик, талончилик ва бошқа оғир турдаги айрим жиноятлар сонининг ошишига ҳамда уларнинг аксарияти фош этилмасдан қолишига сабаб бўляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган навбатдаги ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, консептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилган. Уларда депутатлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар томонидан берилган барча таклифлар, фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳа матнида акс эттирилган ҳолда қонун лойиҳаси маромига етказилган.

Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган юқоридаги каби янги турдаги жиноятларнинг олдини олишга, жавобгарликнинг муқаррарлигини ва фуқаролар хавфсизлиги таъминланишига хизмат қилади.