Атрофга назар

ВИЛОЯТДА ЭКСПОРТ ҲАЖМИ ОРТМОҚДА


04.10.2023   88

Республикамизда тадбиркорлар фаолиятига бўлган эътиборнинг ортиши, улар учун қулай шароитларнинг яратилиши нафақат, ички, балки, ташқи бозорни ҳам сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини бермоқда. Биргина Хўжаобод туманида ўтган беш йил давомида саноат ҳажми 7 баробарга ортиб, экспортёр корхоналар сони 2,5 баробарга, улар томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми 17 баробарга ортган. Хўжаобод туманидаги “Нил-Гранит” МЧЖ бу борада етакчилик қилиб келмоқда. Зеро, корхона томонидан бир йилда 38 млн. долларлик маҳсулот хориж бозорига кириб бормоқда. Бу эса туман экспорт режасининг 80 фоиз қисмини ташкил этади.

-Бу ютуқлар замирида республикамизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, бунинг учун жаҳоннинг энг илғор иш услубларини жорий этиш ва хориж бозорида муносиб ўрнимизни эгаллаш учун қулай муҳитнинг шаклланганлиги мужассам,-дейди корхона ижрочи директори Исломбек Собиров. –Мавжуд шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда дунё бозорига “Само” бренди остидаги маҳсулотларимизни пешма-пеш етказиб бермоқдамиз. Бу борада Португалия, Англия, Германия, Италия ҳамда Туркия каби давлатлардаги ҳамкорларимиз билан мустаҳкам алоқа ўрнатганмиз. Натижада жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 17 минг 200 дона маҳсулотни экспорт қилишга эришилди.

Тахлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда 2016 йилда саноат маҳсулотлари экспорти ҳажми 6,6 млн. долларни ташкил этган бўлса 2022 йилга келиб ушбу кўрсаткич 113,3 млн. долларни ташкил этди. Жорий йилда экспорт ҳажми 137,3 млн. долларга етказилиши режалаштирилган. Бироқ, амалда бундан-да ортиқ натижаларга эришиш учун умид йўқ эмас. Зеро, хорижда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остидаги маҳсулотларга талаб кундан-кунга ортиб бормоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ