Атрофга назар

ЯНГИ ТОШКЕНТ


06.09.2023   121

“ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда

Мамлакатимиз пойтахтида бугунги кунда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллион нафарни ташкил қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан яқин йилларда пойтахтга ёндош равишда замонавий инфратузилмага эга Янги Тошкент шаҳри бунёд бўлади.

Жорий йил 20 июлда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари бўйича Президент қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Бош вазир раҳбарлигида Янги Тошкентни барпо этиш ишларини мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди ҳамда дирекция ташкил этилди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида бу лойиҳага масъул ўринбосар лавозими жорий қилинди.

Ушбу улкан лойиҳа учун Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 720 гектар ер танлаб олинган. Лойиҳада яшиллик, қулайлик ва тежамкорликка алоҳида эътибор қаратилган, фаол иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт уйғунлаштирилган, транспорт тармоқлари пойтахтимиз билан оқилона боғланган. Янги Тошкент “ақлли” ва “боғ шаҳар” бўлиши назарда тутилмоқда.