Атрофга назар

ЮЗ ЙИЛЛИК МАКТАБНИНГ ЁРУҒ ЮЗЛИ ЎҚИТУВЧИСИ


04.10.2023   85

Касбга содиқликда ўқитувчиларга тенг келадигани йўқ. Унинг учун обрў-эътибор, мансаб-ваколат, нафс ва ҳиёнат бегона... Шогирдининг эришган ютуғини энг олий мукофот, деб билгувчи бу зот шу боис ҳам ўзи қадрлаган мактабдан бошқа жойда хизмат қилишни ўйламайди ҳам.

Неъматтилло Ўрмонов ҳам, мана, 34 йилдирки, Хўжаобод туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритади. 1985 йили Фарғона давлат педагогика институтини тамомлагач, она қишлоғида болаларга дарс бера бошлади. Орадан тўрт йил ўтиб, ушбу масканга ишга келдию, бутун ҳаётини мана шу мактаб тақдири билан боғлади.

-Бу таълим муассасаси мен учун жуда қадрли,-дейди қаҳрамонимиз биз билан суҳбатда. –Боис, у юз йиллик тарихга эга. Ўйлашингиз мумкин, бир асрга тенг бинонинг ҳолати абгор бўлса керак, деб. Қайтанга у вилоятдаги энг намунали мактаблардан бири ҳисобланади. Бунга 2008 йили амалга оширилган мукаммал таъмирлаш ишлари сабаб бўлди. Шундан сўнг ўқитувчиларга ҳам, ўқувчиларга ҳам қулай шароит яратилди. Бу масканда қанчадан-қанча тажрибали устозлар хизмат қилган. Юзлаб собиқ ўқувчиларимиз ҳозирда жамиятнинг етук кадрлари ҳисобланишади. Мана шундай қутлуғ манзилдан кетгим келмайди.

Ҳозирда ушбу мактабда 681 нафар ўқувчилар тахсил олмоқда. Уларнинг замонавий, етук билим эгалари бўлишлари учун 49 нафар устозлар самарали хизмат қилмоқдалар. Ўтган ўқув йили битирувчиларидан 17 нафари олий таълим талабаси бўлишдек бахтга мушарраф бўлганлиги барча устозлар қатори Неъматилло Ўрмоновни ҳам беҳад қувонтирди.

-Шогирдларимиз эришган ютуқларни кўрсам, улардан ортиқ қувонаман,-дейди у суҳбатда давом этар экан. –Айниқса, турли фан ва спорт беллашувларида вилоят, республика миқёсида иштирок этиб, муваффақиятга эришсалар шу касбни танлаб хато қилмаганимга, ёшларни тўғри йўлга бошлай олаётганимга шукр қиламан.

“Меҳнат қилган - элда азиз!”,-деган ибора бор халқимизда. Неъматилло ака Ўрмоновнинг хизматда эришган ютуқлари бугун ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 сентябрь кунги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Қайсики, давлатда устозларга бўлган эътибор юксак бўлар экан, шу мамлакатнинг келажаги ҳам порлоқдир. Республикамизда ҳам Неъматилло Ўрмонов каби ўз касбининг фидойиларига бўлган эътибор ва эъзоз ҳар доимгидан ортган. Бу эса, келгусида нафақат, таълим соҳасида, балки, барча йўналишларда катта муваффақиятларга эшик очади.

Саминжон ҲУСАНОВ