Атрофга назар

Зилзилада ҳаракатланишга тайёрланамиз


05.10.2023   105

Ўзбекистонда аҳолини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон платформа ишга туширилади. Бу “Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тизимини ташкил этиш тўғрисидаги” Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳар йили “Аҳолини зилзилага тайёрлаш ҳафталиги” эълон қилинади ҳамда унинг доирасида республикадаги барча маҳаллаларда аҳоли иштирокида зилзила билан боғлиқ фавқулодда вазиятларда хавфсизликни таъминлаш бўйича қўмондонлик-штаб, махсус-тактик ва объект ўқув машқлари ўтказиб борилади.

Боғча болалари, мактаб, техникум ўқувчилари, олийгоҳ талабалари миллий электрон платформа орқали, шунингдек, махсус машғулотлар орқали тайёргарликдан ўтказилади. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган аҳоли, ҳарбий хизмат, давлат ташкилотлари раҳбар ходимлари ўқув машқларида тайёргарликдан ўтади.

Миллий электрон платформа орқали малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курслари фаолиятини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда назорат қилади.