Жамият

АВВАЛО, ХУЛҚИНГ, ОДОБИНГ БИЛАН КЎНГИЛНИ ЗАБТ ЭТ..


06.10.2021   44

Момоларимиз хўп таъкидлашади: қизгинам, овозингни баландлатма фаришталар қочади. Аёл кишининг ҳаёси унинг хулқи, кийиниши, ибосида. Кўча-кўйда кўп кузатаман: айрим хотин-қизларимиз гўёки ўзини кўз-кўз қилаётгандек туюлаверади. Эгнида аёллик зийнатига тўғри келмайдиган, ярашмаган либос, аммо юз-кўзини қора мато билан ўраб ёпган. Аҳён-аҳёнда эркак киши билан хиринглашиб, ҳатто қўл ушлашиб кетаётганларини ҳам учратиб қоламиз. Айрим дам олиш масканларига борганингизда бурчак-бурчакларда ҳижобли қизларимизнинг ахлоқ доирасига тўғри келмайдиган ҳаракатларини ҳам кўрамиз. Шу ҳам ўзбек қизими, муслимами, дегинг келади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг вилоятимиздаги вакиллиги бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоирахон Қосимова билан суҳбатимиз давомида жамиятимиздаги айни шу оғриқли нуқтага тўхталдик.

– Жорий йилнинг 5 июлидаги "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги Қонуннинг янги таҳририда фуқароларнингжамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмайди, деган таъқиқ олиб ташланди.

Шундай. Аммо бу белгиланган меъёрдан четга чиқиш дегани эмас. Ҳар бир нарсанинг ўз ҳадди бор. Кийимдаям, одобимиздаям чегарани сақлай билишимиз керак.Азал-азалдан ўзбегойимлар ёрқин рангли кўйлакларкийиб, бошига рўмол ташлаган. Қандай гўзал эди, тўғрими? Бошқа миллат вакилларига тақлид қилиб кийиниш урфга айланди. Динимиздапоклик, оқлик қадрланади. Қора ранг фитнага сабаб бўлади. Икки марта Андижон тажрибасидан ўтди. Яъни 2005, 2013 йилларда нопок ниятда динимиздан қурол қилиб, аҳли аёлларини тим қора кийимга бурканиб юришга мажбур қилишди. Натижа нима бўлди? Қанчадан-қанча одамларнинг ҳаловати бузилди.

Тинчлигимизга, осойишта кунларимизга шукроналар келтирамиз. Қўшни Афғонистонда кечаётган вазиятга назар ташланг, аёлларини қора-қура матога ўрантириб уйга ўт-қизиб қўйди. У олий маълумотлими, жамиятга фойдаси тегаётган шифокорми ёки ўқитувчими, аҳамиятсиз.Бундай мамлакатда қандай тараққиёт бўлади?

– Муҳокамага сабаб бўлаётган ҳижобли хотин-қизларимиздаги муаммо нимада деб ўйлайсиз?

- Айримларидаҳали диний билим етишмайди. Баъзилари риё, яъни ўзини кўз-кўз қилиш учун кийиняпти. Мени ҳурмат қилади деган маънода шуҳрат кийими ҳам бўлиб қоляпти. Бир қизга савол бердим: нима учун ўрандинг, диний амалларни адо этоляпсанми? У уялмай, турмушга чиқиш учун, дейди-я.

Ўргилайин қизгинам, аввало тақдирингга эсли-хушли турмуш ўртоқ ёзган бўлсин, лекин сен бу хатти-ҳаракатинг билан гуноҳга ботибсан. Аввало хулқинг, одобинг билан кўнгилни забт эта олгин, дедим. Динимизда таъма, риё энг катта гуноҳлардан саналади.

Иккинчидан, руҳиятни тайёрлаш лозим.Аёл киши муомаласи, овози, одоби билан сувданам сокин бўлиши керак. Айниқса, камгаплик унинг безагидир. Биринчи галда ички дунёсини рўмолга ўрасин, овозини рўмолга ўрасин. Хўжакўрсинга фақат кўзинигина очиқ қолдириб, кўча-кўйда кўринишидан нима фойда?

Учинчидан улар зинога ҳам сабаб бўляптилар. Катта гуноҳларнинг ўнтасининг бири зинодир. Қараса, кўз зиноси, ушласа қўл зиноси, юриб борса оёқ зиноси. Айтайлик, қора кийиниб олган аёл кетяптида эркак бир қаради, бу суннат, улама киприк, аллақандай шангур-шунгурларни осиб олган, иккинчи марта қарагиси келдими, бу зино.

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда мобиль гуруҳларини ташкил этдик. Эрталабда ишга, ўқишга кетиш вақтида рейдлар ўтказаяпмиз. Асосан 30 ёшгачабўлганлар орасида тарғиботни кучайтиришимиз кераклиги аён бўлаяпти. Айрим "муслималар" билан суҳбатлашсангиз, намоз қачон ўқилишини билмайдиганлари ҳам бор. Диннинг ўз тартиб-тамойили бор. Аввало,фарзни уддаланг, сўнг суннатни.

– Жорий ўқув йилидан мактабларда қизларга истисно тариқасида оқ ва очиқ ранглардаги миллий рўмолда ва дўппида бўлишга рухсат берилди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бу кўпчилик ота-оналарнинг мурожаатлари асосида қабул қилинганини ва асосий мақсад - барча болаларга таълим бериш эканлигини таъкидлаб, "Биз дунёвий билимларни барчага беришимиз шарт. Шу нарсага шароит яратиб беришимиз керак", – деди.

"Битта ўғил болани ўқитсангиз, бир инсонга таълим берган бўласиз. Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз", дея ЮртбошимизИндира Гандидан иқтибос келтирган эди.Ҳақиқатан, аёл бир қўли билан бешикни тебратса, бир қўли билан жамиятни тебратади. Эътиқод, виждон эркинлигини бошқача талқин қилмаслик даркор. Тар-ғибот гуруҳлари билан олий таълим муассасалари талабалари, ўрта-махсус, умумтаълим даргоҳларининг ўқувчилари ўртасида кенг тушунтиришлар олиб бориляпти.

Ҳар бир фуқаро давлатнинг инсонпарвар тузумига тушиши керак. У жамиятнинг қай соҳасида бўлса, ўша соҳанинг қабул қилинган кийимини кийиши керак. Масалан, шифокор оқ ҳалат киймаса, унинг тиббиёт ҳодими эканлиги билинмайди, ўқитувчиларнинг ярашимли, ҳарбийларнинг ўз либоси бор. Ёки ишлаб чиқариш соҳасидагилар махсус кийимларда фаолият кўрсатади. Демакки, демократик жамиятда таълим даргоҳлари ўқувчилари, талабалари қабул қилинган меъёрлар даражасида кийиниши шарт.

Яна бир мулоҳаза. Ўша кўчадаги фақат кўзигина очиқ қизларнинг эркак зотига еб қўйгудек нигоҳ ташлашидан сесканиб кетасан киши. Уларнинг боз устига тор шим ва кофталар кийиб олгани ғашингизни келтиради. Айни тананинг физиологик ўсиш ёшида тор кийимлар кони зарар. Бу тиббиётда исботланган.

Барчазамонларда маърифат улуғланган,давлат сиёсатининг бош мезонига айланган. Мамлакатимиз раҳбари бизнинг эртамиз, келажагимиз, дея ёшларга катта ишонч билдиряпти. Уларнинг камоли учун зарур шарт-шароитлар яратиляпти. Ана шу юксак эътибор, кенг имкониятларга муносиб ворис бўлиш керак.

Ҳеч ким дин эътиқодига қарши эмас. Унитўғри йўлда қалбингизга солсангиз, ўзингизга ҳам, атрофдагиларга ҳам фойдангиз тегади. Дин билан қалбга сокинлик, хотиржамлик кирдими, жамиятимизда бир-бирини алдашлар, қотилликлар, урушлар, коррупция, хиёнат, жаҳолат камаяди. Аслида Муҳтарам Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатининг асл моҳияти ҳам шу!

Ҳувайдо ХЎЖАМҚУЛОВА суҳбатлашди.