Андижонда

Истеъмолчи қандай қўллаб-қувватланяпти?


25.04.2024   271

Андижон шаҳридаги Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан очиқ мулоқот ўтказилди. Андижонда рақобатни ривожлантириш, товар бозорларини таҳлил қилиш, ноҳалол рақобатга чек қўйиш, табиий монополияларни тартибга солиш, нарх ва тарифлар ва уларнинг қўлланилишини назорат қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари таҳлилига бағишланган мазкур мулоқотда дастлаб 2024 йилнинг 1-чорагида йўналишда амалга оширилган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.

-Ҳудудий бошқармага 2024-йилнинг 1-чораги давомида 248 та жисмоний ва 11 та юридик шахслардан жами 250 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган, - дейди бошқарма бошлиғи Улуғбек Жўраев. - Уларнинг 25 таси истеъмолчи фойдасига қаноатлантирилган, 60 тасига тегишли тушунтириш берилган, 1 таси ҳудудий бошқарма ваколатига кирмаганлиги сабабли кўриб чиқиш учун масъул вазирликка юборилган. Ўрганиш натижасида истеъмолчилар фойдасига 1 миллиард сўмга яқин пул маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинди. Бундан ташқари, умумий бошланғич нархи 33,1 миллиард сўмлик 171 та давлат харидларини ўрганганимизда, 45 та ҳолатда ўтказилган тендерларда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси, яъни савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузилиши аниқланди. Натижада 36 таси буюртмачилар томонидан ихтиёрий бекор қилинди ва 9 та ҳолатда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб кўрсатмалар берилди. Қонунчилик талабларини бузган буюртмачиларнинг 9 та мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.


Шунингдек, очиқ мулоқот давомида иштирокчилар ижтимоий аҳамиятга эга юқори ликвидли маҳсулотларни улгуржи ва чакана савдо орқали сотилиши, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган 242 та АЁҚШларда АИ-80 маркали бензин нархларини асоссиз оширилишини олдини олиш, ажиотаж ҳолатларга йўл қўйилмаслик, тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомилаштириш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини ошириш, чакана савдо объектларида сотиладиган ҳалқ истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлик кўрсаткичлари, уй-жой, коммунал каби қатор масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар ўртоқлашилди. Таклифлар ўртага ташланди. Саволларга батафсил жавоблар олинди.

Зилола РАҲМОНОВА.

Элёрбек МАМАЖОНОВ олган суратлар