Атрофга назар

ШУКРОНАЛИК ТИЛЛАРГА КЎЧГАНИДА…


17.08.2021   31

Бугун ҳар қадамда кекса-ю ёшнинг юртимиздаги тинчлик, фаровонлик, миллатлараро тотувлик ҳақида тўлқинланиб сўзлаётганига гувоҳ бўласиз.

–Узоқ-яқин давлатларда юз бераётган хунрезликларни кўриб, умумий хонадонимизда қарор топган осойишталик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик, чегараларимиз даҳлсизлигига кўз тегмасин, - дейди Бўтақора қишлоғидаги 7-сонли ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқитувчиси Зера Муратова. – Юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳамжиҳатлик асосида аҳил-иноқ яшаб келмоқдамиз. Бу, албатта, одилона ва оқилона сиёсат самарасидир.

Қаҳрамонимиз қирим-татар аёли. У машғулотлар давомида шогирдларига ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик,орзу-умидларимизнинг рўёби, энг аввало, мустақиллигимиз туфайли эканлигини бот-бот такрорлайди.

– Мусиқа бирор бир мафкурани инсон онгига сингдиришда асосий воситалардан биридир, – дейди суҳбатдошимиз. – Алла орқали фарзандга меҳр-муҳаббат туйғулари эш бўлади. Ватанпарварлик, шукроналикни куй-қўшиқларимизда намоён этишга ҳаракат қиламиз. Мана ўттиз тўққиз йилдирки, мактаб иккинчи уйимга айланган. Қўни-қўшним, ҳамкасбларимнинг деярли барчаси ўзбек. Биридан у, яна бошқасидан бу одатларни ўргандим.

Опанинг турмуш ўртоғи Владимир Геворкян (2000 йилда вафот этган) арман эди.Байналминал оила фарзандлари уч хил урф-одатлар уйғунлигида улғайдилар. Ўзбек, арман, рус, татар тилларида бемалол сўзлаша оладилар. Қизи Ануш, ўғли Ашот ҳам мусиқа йўналишида таҳсил олиб, фаолият юритмоқда. Давлат аҳамиятига молик тадбирларда фаол қатнашиб, миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатликни баралла куйлашяпти.

Салкам олтмиш ёшни қарши олаётган устоз ёшлардек ғайрат-шижоатли. Ҳали шогирдларига илинганлари талайгина.

Маҳбубахон ИСРОИЛОВА,

жамоатчи мухбир.