Андижонда

53 йил “онлайн” ҳужум қилган футболчи


21.02.2024   953

“Диққат қилинг! Заҳириддин Муҳаммад Бобур юрти гўзал Андижон шаҳридаги маҳобатли “Бобур” аренасидан гапирамиз!” Бу овоздаги ўктамлик, талаффузнинг аниқлиги, интонация бутун стадион эътиборини бир нуқтага жамлайди. Вилоятимизнинг ашаддий футбол фидойиларидан бири Ғуломқодир Абдураҳимов салкам 53 йилдан буён футбол ўйинларини шарҳлаб келмоқда. Шарҳловчининг таҳмини мураббийникида, ўтади деганлари бор гап. Чунки Ғуломқодир ака стадионда микрофон қаршисида ўтиргани билан ҳар икки жамоа футболчисининг ҳатти-ҳаракатларини вужудида ҳис қилади, улар билан баробар ҳужум қилади, тўп узатади, ҳимоя қилади, гол уради.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (UFA) 2023 йил якуни сарҳисоби натижасида Ғуломқодир Абдураҳимовни “Йилнинг энг яхши футбол фидойиси” деб топди.

- Бу йил Андижон футболига 60 йил тўлади, - дейди Ғуломқодир ака. – Вилоятимиз жамоасининг орада озроқ сусткашлиги сезилгани бор гап. Бироқ йигитларнинг тинимсиз тайёргарлиги, мураббийнинг тўғри кўрсатмалари ва меҳнатлари натижасида ўтган йилги ўйинларда 14 та жамоа орасида 7-ўринга кўтарилди. Энди андижонликлар 3 март куни Олмалиқ шаҳрида ОКМК, 10 март куни мезбонликда “Бунёдкор” (Тошкент) жамоалари билан майдонга тушади. Уларга зафарлар ёр бўлишини тилаймиз.

Мен футбол тадбирлари билан бирга спортнинг бошқа турдаги мусобақаларида ҳам бошловчи, олиб борувчи сифатида кўп бор иштирок этаман. Раҳматли устозим Қодир Махсумов овозига ҳавасим жуда юқори бўлган. Катта-катта матнларни олиб, бор овозда қайта-қайта устозга тақлид қилиб ўқийверардим. Шукрки, ҳозир кўпчиликдан “овозингиз Қодир Махсумовнинг овозига ўхшайди-я,” деган эътирофларни эшитаман.

Ёшларимиз спортга ниҳоятда ошно. Айниқса, бу борада вилоят ҳокими бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари спортчиларимиз учун қанот бўляпти.

Президентимиз 15-16 февраль кунлари вилоятимизга қилган ташрифлари давомида Андижон шаҳрида бунёд этилаётган Универсал спорт мажмуасини бориб кўрдилар. У ерда тўрт минг томошабинга мўлжалланган ёпиқ зал қурилган. Унда бир нечта спорт тури бўйича мусобақалар ўтказиш мумкин бўлади. Жумладан, жорий йил кузда футзал бўйича жаҳон чемпионатининг айрим ўйинлари шу ерда ўтказилади.

Мамлакат раҳбари ёш спортчилар билан юзма-юз суҳбатлар давомида уларга жуда катта ишонч ва мотивация бердилар. Қандай шароит, имконият зарур бўлса, муҳайё этишини таъкидлаб ўтдилар. Бу андижонлик ёшларга жуда катта куч ва шижоат бағишлайди.

Зеро, Андижонда нафақат бокс ва оғир атлетикада, балки миллионлар ўйини бўлган футболда ҳам юрт байроғининг баланд кўтарилиши, мадҳиямиз янграши учун бугун катта қадамлар ташланмоқда.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.