Атрофга назар

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли


26.04.2024   298

Бугунги кунда Ўзбекистонда адолатли, ҳуқуқий, демократик, ижтимоий давлат, эркин ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш энг муҳим устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Давлат раҳбарининг 2023 йил 15 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030 стратегияси” ҳамда 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу ҳужжатлардан кўзланган асосий мақсад – ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга эришишдир.

Таъкидлаш лозимки, Фармонда бешта йўналишдан иборат 100 та мақсад, 312 та банд ва 709 та вазифани ўз ичига олган амалий тадбирлар режаси тасдиқланган ҳамда уларни амалга ошириш юзасидан қатор вазифалар белгиланган.

Шунингдек, Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг тегишли қарори билан 5 та йўналиш бўйича 57 та мақсад, 125 та банд ва 325 та вазифа қамраб олинган вилоят ҳудудий дастури ишлаб чиқилиб, тасдиқланган.

Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларни самарали рўёбга чиқариш, долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашда маҳаллий ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ҳамда иштироки муҳим ўрин тутади.

Хусусан, жорий йилнинг 19 апрель ҳолатига кўра, вилоят бўйича жами ННТлар сони 618 та бўлиб, шундан давлат рўйхатидан ўтган ННТлар сони – 439 та, ҳисоб рўйхатидан ўтган ННТлар сони – 179 тани ташкил қилган ёки ННТлар сони ўтган 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 40 тага ошган.

Шунингдек, фуқароларнинг ташаббуси билан тузилган ННТлар сони 60 тани (9,7%) ташкил қилмоқда. Давлат дастурида белгиланган вазифалар доирасида ўтган 3 ой давомида вилоятда фаолият юритаётган 150 та ННТ томонидан жами 165 та тадбир ўтказилган, уларда иштирок этганлар сони 10 минг нафардан ошиб кетган.

Ўтган йиллар давомида вилоятдаги ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши натижасида бир қатор муҳим ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлаб ўтиш ўринли.

Жумладан, 2022-2023 йилларда Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан эълон қилинган давлат гранти танловларида иштирок этиб ғолиб бўлган 22 та фуқаролик жамияти институтининг (20 таси ННТ, 1 та ОАВ
ва 1 та МФЙ)
лойиҳалари қарийб 1,9 млрд. сўмга молиялаштирилган.

Шунингдек, ННТлар томонидан муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни рўёбга чиқаришда ривожланган хорижий давлатлар билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида ҳам самарали ишлар қилинмоқда.

Бугунги кунга келиб, вилоятдаги 5 та жамоат ташкилоти томонидан халқаро ташкилотларнинг хорижий грант лойиҳаларида иштирок этилмоқда.

Чунончи, “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлими томонидан вилоят ИИБ ҳамкорлигида АҚШнинг Халқаро наркотрафик моддалар ва одам савдосига қарши курашиш халқаро Фонди (INL) томонидан молиялаштирилган грант лойиҳаси доирасида вилоятдаги МФЙ, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли гавжум жойларда одам савдосининг олдини олишга қаратилган тарғибот акцияси ва ахборот учрашувлари тизимли ўтказилиб, тадбир иштирокчиларига тарқатма материал ва ташвиқот воситалари етказилмоқда.

Андижон вилояти “Меҳримиз Сизга” аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан БМТ ҳузуридаги Халқаро миграция ташкилотининг (IOM) хорижий лойиҳаси доирасида вилоятдаги 5 та туманда яшовчи қишлоқ хотин-қизларини тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, миграцияда бўлган ва миграциядан қайтган оилалар ҳамда аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашда кўмаклашиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган ўқув семинарлар орқали тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, ёшлар йўналишидаги “Ҳамроҳ” ННТ томонидан Европа Иттифоқи молиявий кўмагидаги “Умумий манфаатларни излаб” (Search for Common Ground) халқаро нотижорат ассоциациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Юксалиш” ҳаракати ҳамкорлигида амалга оширилаётган хорижий грант лойиҳаси доирасида Андижон давлат университети негизида ёшлар учун юридик клиника ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Айни вақтда мазкур юридик клиникада ёшларнинг мурожаатлари юзасидан бепул юридик маслаҳат ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, Болгариянинг “CEED” ноҳукумат ташкилоти ташаббуси билан “RITM PLUS” ННТ (Ўзбекистон) ҳамкорлигида Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган хорижий грант лойиҳаси доирасида вилоятнинг танлаб олинган 5 та туманидаги 36 та МФЙда лойиҳа доирасида аҳолининг бирламчи эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда қишлоқларнинг ички йўлларини асфальтлаш, хонадонларда тоза ичимлик суви таъминотини йўлга қўйиш ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш бўйича ташкилий тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Сабр” Республика ижтимоий-иқтисодий ривожланиш Маркази вилоят филиали томонидан Жаҳон банкининг молиявий кўмагидаги хорижий грант лойиҳаси доирасида чекка қишлоқларда яшовчи аёлларда касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, улар бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишда кўмаклашишга қаратилган семинар-тренинглар босқичма-босқич ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама соғлом, маънавий етук ва баркамол инсонлар қилиб вояга етказиш, кекса ёшдаги нуронийларни қадрлаш, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳуқуқ
ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳит ва диний вазият барқарорлигини таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳаларида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, “Нуроний”, “Ёшлар-келажагимиз” жамғармалари, Ёзувчилар, Журналистлар, “Ҳунарманд” уюшмалари вилоят бўлимлари, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари, вилоятда фаолият юритаётган 5 та миллий-маданий марказ ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят бўлимининг иштироки самарали бўлмоқда.

Ушбу лойиҳалар ва тадбирлар стратегияни амалга ошириш бўйича 2024 йил учун қабул қилинган давлат дастурининг 22, 25, 26, 38, 62, 83, 95
ва 100-мақсадларида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли саналади.

Бироқ, таҳлиллар муҳим стратегик вазифалар қамраб олинган давлат, тармоқ ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурларини изчил рўёбга чиқариш жараёнларида вилоятдаги кўплаб ННТлар суст иштирок этаётгани ёки умуман жалб этилмаётганини кўрсатмоқда.

Шу жиҳатдан қараганда, стратегиянинг 2024 йил учун қабул қилинган Давлат дастуридаги устувор мақсад ҳамда вазифаларни тизимли амалга ошириш ишларида ННТларнинг ташаббус ва фаоллик кўрсатишлари зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Айниқса, Стратегиянинг эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантиришга қаратилган 83-мақсадида белгиланган вазифалар юзасидан чора-тадбирлар белгилаш ва уларни тўлақонли амалга ошириш, ННТлар фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, фуқаролик жамияти институтларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш масалалари жамоат ташкилотларининг энг устувор вазифаларидан бирига айланмоғи лозим.

Қолаверса, дастурнинг тегишли мақсадларини амалга оширишда, хусусан, давлат органлари ва ННТ ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг янгича механизмларини жорий этиш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларини самарали воситага айлантириш, давлат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти юзасидан ННТлар томонидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлашда долзарб аҳамият касб этади.

Шу ўринда жамоатчилик назорати механизмларининг янгича усулларидан омилкорлик билан фойдаланиш, ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича социологик тадқиқотлар ўтказиш амалиётини фаол давом эттириш, бу борада ривожланган хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ва татбиқ этиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, фуқаролик жамияти институтлари давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини трансформация қилиш жараёнларида фаол иштирок этиши, ислоҳотларнинг бош ташаббускори бўлиши зарур.

Зеро, ННТларнинг инсон, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ишончли ва самарали кўприк вазифасини ўташида, пировард мақсадимиз бўлган юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ фаровонлигини таъминлашда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Адхамжон УЗАҚДЖАНОВ,

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси