Андижонда

Демократик ислоҳотларда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлиги муҳим


26.03.2024   884

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг ўзига хос масъулиятли вазифалари бор. Аввало, жойларда ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва социал-иқтисодий жараёнларни мониторинг қилиш, сиёсий институтлар, кўппартиявийлик ва сайлов тизими ривожланиши муаммоларини, фуқаролик жамияти институтлари тараққиётини, ўрганиш, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларининг маҳаллий давлат ҳокимияти ижро органлари билан ҳамкорлиги, жамоатчилик назоратини юқори босқичга олиб чиқиш, диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш каби қатор долзарб йўналишларда фаолият олиб боради. Марказ томонидан ўтказилаётган тадбирлар, тарғибот-ташвиқот ишлари замирида, албатта, демократик ислоҳотларни амалга оширишда давлат ва жамоатчилик назоратини кенг йўлга қўйиш, юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлиги, барча йўналишлардаги муаммолар ечимига камарбасталик мақсадлари мужассам.

Андижон шаҳридаги ахборот-кутубхона марказида ҳудудий бўлинма томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди субсидия маблағлари доирасида ташкил этилган навбатдаги давра суҳбатида сиёсий партиялар вилоят Кенгашлари ҳамда нодавлат ташкилотлар раҳбарлари, депутатлар, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, олий таълим муассасалари, ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар иштирок этдилар.

-Демократик ислоҳотлар жараёнларида давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигининг долзарб масалаларига бағишланган бугунги тадбиримизда асосан олти йўналишда, яъни мафкура, сиёсий институтлар, маҳаллий кенгашлар, жамоатчилик назорати, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда диний бағрикенглик борасидаги муаммоларни бартараф этишда экспертлар жамоаси билан фикр алмашилди, - дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Атахонов. – Масалан, биргина жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятимиздаги сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар депутатлари фаолиятини ўрганганимиз масаласини олайлик. Ушбу муддатда уларнинг иш тизимига оид 64 та ахборот босма ва электрон ОАВда эълон қилингани ва бу чиқишлар қай даражада ўзини оқлагани ёки меъёр даражаси юқори ёхуд паст эканлиги хорижий андозалар билан солиштирилди. Бугунги давра суҳбатида эса бу борада турли соҳа вакилларининг ҳам таклиф ва мулоҳазалари ўртага ташланди. Худди шундай қолган йўналишлардаги муаммоларни ўрганиш натижаларимиз йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди ва уларнинг ечим бўйича таклифлари олинди.

Давра суҳбати давомида ижтимоий-сиёсий, мафкуравий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш, халқнинг давлат ҳокимиятига ишончини мустаҳкамлаш масалаларида ҳам атрофлича муҳокамалар олиб борилди. Шунингдек, “Жамият – ислоҳотларнинг бош ташаббускори” ғояси асосида юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштироки учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш ишларига эътибор қаратилаётганига алоҳида урғу берилди.

Якунда қайд этилган йўналишлар бўйича экспертлик сўровномаси ўтказилди.

Зилола РАҲМОНОВА