Атрофга назар

ЕР МУНОСАБАТЛАРИ – ТЕНГЛИК ВА ШАФФОФЛИК САРИ


06.03.2024   2154

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 8 июнь куни “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони қабул қилинди.

Ер муносабатлари – бу одамлар ўртасида, синфлар ва ижтимоий гуруҳлар ўртасида ерни тақсимлаш, унга эгалик қилиш ёки фойдаланиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлардир. У ишлаб чиқариш муносабатларининг асосий қисми бўлиб жамиятнинг иқтисодий баъзаси таркибига киради. Мазкур Фармон умуммиллий бойлик бўлган ерни ҳимоялаш, ер муносабатларини қонуний тартибга солиш борасида янги даврни бошлаб берди.

Фармоннинг 10-бандида Ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилиши ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонини қайтариш ва ёки унда ноқонуний қурилган иморатларни бузиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб кадастр органлари томонидан ер майдонларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, ер учусткаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишини олдини олишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан Кадастр агентлиги Шаҳрихон тумани бўлими томонидан олиб борилган ер назорати тадбирлари натижасида 2023-йил давомида 95 та ҳолатда 2,90 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.

Аниқланган ер қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва уларга нисбатан чоралар кўриш мақсадида қонунбузилиш ҳолатини содир этган шахслар билан бевосита ишлар олиб борилди. Ўтказилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари натижасида 82 та ҳолатда 2,25 гектар ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлар томонидан қонунбузилиш ҳолатлари ихтиёрий равишда бартараф этилди.

Қонунбузилиш бартараф этилмаган 13 та ҳолат бўйича судларга даъво аризалари киритилди ҳамда 13 та ҳолат бўйича ер қонунбузилишини мажбурий тартибда бартараф этиш юзасидан Мажбурий ижро бўлимларига тегишли ҳужжатлар юборилди.

Бундан ташқари, ер билан боғлиқ 16 та қонунбузилиш ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлганлиги сабабли ҳуқуқий баҳо бериш учун йиғилган материаллар прокуратура органларига тақдим этилди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида 14 та ҳолатда 1,40 гектар ер майдони белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилаётганлиги аниқланди. Мақсадсиз фойдаланилаётган ерларни ҳокимликлар захирасига қайтариш бўйича туман ва шаҳар ҳокимликларига тақдимномалар киритилди. Натижада ана шу ерларнинг барчаси ҳокимликлар захирасига қайтарилди.

Ўтган йили туманда давлат ер, кадастр ва геодезия назорати соҳасидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун 336 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Уларнинг 178 нафари маъмурий жаримага тортилди.

Туманда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ва самарали фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ва тизимдаги соҳа мутахассислари иштирокида 12 дан ортиқ тарғибот тадбири ўтказилди. Ана шу тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотларда ерларни асраб-авайлаш, айниқса, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан белгиланган мақсадда самарали ва оқилона фойдаланиш, шунингдек, уй-жой ва кўчмас мулкларнинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, ўз муддатида давлат рўйхатидан ўтказиш юзасидан фуқаролар ва мутасадди идоралар вакилларига тегишли тушунчалар берилди.

Умуман, туманда кадастр соҳасида белгиланган ишларни тизимли ташкил этиш, қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш, қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, энг асосийси, мазкур йўналишда аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур ишлар олиб борилди.

Кадастр агентлиги Шаҳрихон тумани

бўлими бош инспектори

Мухриддин Умаров.