Атрофга назар

Исмингиздан уяласизми, тенгдош?


31.10.2023   151

Бугун кўп ҳолларда бизга таниш бўлиб кетган бир ҳолат бор. Ўз исмидан уялгани ҳолда ўзини бошқа исм билан атаб олиш. Бу айниқса, ёшлар орасида кенг ”урф” бўлгани аянчли. Дилдора, Дилафруз – Диля, Санобар, Соҳиба – Соня ёки умуман ўзига бошқа исм қўйиб олганлари ҳам бор. Масалан, Алина, Диана, Милана, Роксана, Асу кабилар.

Хўш, ота-онамиз, бобо-бувимиз ёки яқинларимиз қўйган исмлари бизга ёқмайдими? Улар кўпни кўрган, бир фикрини минг ўйлаб исм танламаганларми? Ёки биз шунчалик замонавий бўлиб кетдикми?!

Айрим вақтларда айни саволларни юқоридаги ҳолларга дуч келганимда қалаштириб бергим келади. Табиийки чимирилган юзлар, учирилган қошлар ёхуд иддаоли нигоҳларга ва албатта аччиққина жавобларга ўзимни тутиб бераман.

Бироз мулоҳаза қилайлик.

Исм –туғилганлик қайд этилаётганда унга бериладиган ном. Одатда, чақалоққа исмни ота-онаси, қариндош-уруғ, оиладаги кекса инсонлар танлайдилар. Қандай исм қўйилиши эстетик ва этик тамойиллар, исм танловчиларнинг орзу-истаклари, тасаввур ва дунёқарашлари билан боғлиқдир. Биз ўзбекларда, асосан, бобо ва бувиларимиз исм танлайдилар. Шунингдек, улар албатта бола ўз исмидан уялиб қолмаслиги учун ҳам чиройли ва маънодорликка эътибор берадилар. Лекин бугунги кунда баъзи ёшлар юқорида айтганимдек замон билан кўр-кўрона “ҳамнафас”. Яъни улар ўз исмларидан уялади ва исмларинибемалол ўзгартирадилар, атрофидагилардан ўзлари танлаган исм билан чақиришларини талаб қиладилар.

Қадим-қадимдан исм қўйишнинг турли расм-русум, удумлари сақланиб қолган, чунки боланинг соғ бўлиши, келгуси бахти унга қўйиладиган исм билан боғлиқ бўлади, кишига муваффақиятли танланган исм унинг тақдири, ҳаётига катта таъсир кўрсатади деб ҳисоблашган. Исм одамнинг руҳиятини ўзида мужассам қилади, деб ҳам ишонишган.

Исм қўяётганда ўзлигимизни унутмаслигимиз, миллий менталитетига мос ва хос исм қўйишимиз керак. Асосийси, Дейл Карнеги таъкидлаганидек, “Баъзи бир исмлар хунук, қулоққа ёқимсиз эшитилиши мумкин, лекин инсон ҳаракат қилса, у исм тарихга муҳрланажакдир. Яъни, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ”.

Моҳларой АШУРОВА,

Муҳаммад Юсуф мактаби ўқувчиси