Атрофга назар

Касб касаллигига чалинган беморларни давлат ҳимоялайдими?


09.11.2023   87

Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти мутахассислари томонидан касб касалликларини олдини олиш, меҳнат ва даволаш реабилитацияси учун 2021–2023-йилларда республиканинг кўплаб ишлаб чиқариш ташкилотлари ишчиларини профилактик тиббий кўрик ўтказилган.

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова маълум қилди.

Республикамизда касб касалликларини олдини олиш икки йўналишда олиб борилмоқда. Яъни:

  • меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва яхшилаш;
  • тиббий профилактик ёрдам кўрсатиш.

Жумладан, Олмалиқ кон металлургия комбинатига қарашли, Чодак кон бошқармаси, Хондиза кон бошқармаси, Чирчиқ шахридаги Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бирлашмаси, Шеробод цемент заводи, Бектемир метал заводи, Тошкент метал заводи, Логистика хизмати ташкилотлари, ООО АКFА FOOD ва бошқа ташкилотларнинг 20 000 дан ортиқ ходим даврий тиббий кўрикдан ўтказилди

Касб касалликлари клиникаси республикадаги ягона ихтисослаштирилган клиника бўлиб, 100 ўринга эга. Унда ҳар йили республиканинг барча ҳудудларидан 3 мингдан ортиқ бемор даволаниш ва реабилитациядан, 33 мингдан ортиқ бемор эса амбулатор шароитида текширувдан ўтказилади. Улар зарарли ва хавфли омиллар таъсирида фаолият олиб борган 80 дан ортиқ асосий ишлаб чиқариш корхоналарининг ишчиларидир.

Сўнгги бир йилдаги ўтказилган тиббий кўриклар хулосалари асосида 9800 нафар ишчи-ходимга ишга яроқлилик экспертиза ҳулосалари берилган, аниқланган ташхисларга кўра текширилганларнинг 42 фоизига зарур даволаш ва соғломлаштириш тадбирлари режалаштирилди, 2 фоизига стационар, 4 фоизига санаторий-курортларда даволаниш, 4116 нафар ишчига шифокор назоратида бўлиш, 290 нафар ишчига соғлиғи холатига кўра енгил ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган бошқа ишга вақтинча ўтказиш бўйича тавсиялар берилди.

Касб касаллиги тасдиқланган беморлар Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий тадқиқот институти клиникасида диспансер назоратида туради. Улар давлат томонидан ҳимояланган беморлар гуруҳига киради ва клиникада ҳар йили бепул даволаниш, текшириш ва реабилитация ҳуқуқига эга.

Аввалроқ суғурта компанияси Омбудсман аралашуви билан касб касаллигига чалинган шахсга 191 млн. сўм товон тўлайдиган бўлганди.