Атрофга назар

Қайси лицей битирувчилари отм га суҳбат билан қабул қилинади?


09.11.2023   78

Аграр ОТМлар тасарруфидаги академик лицейни тамомлаганларни 2024/2025 ўқув йилидан кириш имтиҳонларисиз, суҳбат орқали тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш таклиф этилмоқда. Бунда талабгорнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиздан юқори бўлиши керак.

Ўзбекистонда 2024/2025 ўқув йилидан аграр соҳадаги олий таълим муассасалари қошидаги академик лицейнинг салоҳиятли битирувчиларини суҳбат асосида олий таълим муассасасига қабул қилиш йўлга қўйилиши мумкин. Бу бўйича қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи лойиҳаси муҳокамалар порталига қўйилди.

Мазкур ҳужжат барча фанлар бўйича юқори натижаларга эга битирувчиларни аграр олий таълим муассасаларига кириш тест синовларисиз, якка тартибда суҳбат ўтказиш орқали тўлов-контракт асосида, қабул параметрларидан ташқари ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

Талабгорнинг академик лицейдаги умумий ўзлаштириш кўрсаткичи рейтинг натижалари бўйича 86 ва ундан юқори фоизни ташкил қилиши (5 баҳолик тизимда фақат аъло баҳо бўлиши) керак.

Олий таълим муассасаси бакалавриатига ўқишга қабул қилиш суҳбат натижаларига кўра рейтинг тизими бўйича тўпланган баллар асосида амалга оширилади.

Ҳужжат топшириш тартиби

Бу жараён учун махсус комиссия ҳар йили 10 июндан кечикмасдан 9 нафар кишидан иборат таркибда тузилади. Комиссия таркибига Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги, олий таълим муассасаси ва академик лицей ходимлари киритилади.

Битирувчилар ҳар йили 20 июндан кечикмасдан махсус комиссияга тавсиянома беришни сўраб ариза билан мурожаат қилади.

Якка тартибдаги суҳбат ҳар йили 10−20 июль кунлари ўтказилади. Битта абитуриент билан суҳбат 45 дақиқагача давом этиши мумкин.

Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади ва ҳужжат топширилган ОТМ веб-сайтида суҳбат ўтказилгандан сўнг кейинги иш кунида эълон қилинади.

ОТМ бакалавриатига тавсия этиш тўғрисидаги қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғини қабул қилиш 10 августдан кечиктирмасдан амалга оширилади.