Атрофга назар

Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди...


27.03.2024   773

Мирафзал Сайдаматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) навқирон ёшида тўғри йўлдан тойиб, суд курсисига ўтирди. Атрофидагилар “Ёшлик – бебошлик, қайта адашмайди”, деб ўйлашганди. Аммо у иккинчи маротаба ҳам жиноятга қўл уриб, аввалгидан-да оғирроқ – 11 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум қилинди. Йигит ақалли шундан кейин ўзига хулоса чиқариб, тузалиш йўлига батамом ўтиши керак эди. Бироқ, қарангки, бундай бўлиб чиқмади. У такрор содир этган жинояти учун яна қонун ҳукми олдида бош эгди.

Ҳаммаси шаҳарда яшайдиган қайинукаси билан телеграмм месенжеридаги мулоқотдан бошланди. Аввалига бир тузук бошланган суҳбат бора-бора чаппа тус олди. Мирафзал яқин қариндошини кутилмаганда йигит киши шаънига номуносиб таҳқиромуз сўзлар билан обдон “сийлади”. Жаҳл чиқса, ақл кетади, деганлари рост экан. Мирафзал анчагача ўзини босолмай юрди. “Қизининг аҳволи нима-ю, ўғли нима бўларди, - тутоқди ўзича. - Ҳаммасига мана шу қайнонам сабабчи! Йўқ, бунақаси кетмайди, қараб турсин, онасини ҳам тавбасига таянтираман ҳали”.

Тун ярмидан оғиб борарди. Мирафзал қайнонасининг рақамини терди.

- Тинчликми, ўғлим? - кутилмаган қўнғироқ аёлни бироз довдиратиб қўйди.

Табиийки, ҳар бир инсон ярим тунда кутилмаган ҳолда бўлган қўнғироқдан бир ташвиш туяди.

  • Сиз билан гаплашиб олмоқчиман қизингиз ҳақида, - деди куёв. Бу суҳбатнинг ниҳояси ҳам асаббузарлик, келишмовчилик ва аччиқ-тирсиқ сўзлар билан тугалланди. Нақадар шармандали сўзлар эди бу...

Орадан ўн кунлар чамаси ўтиб, ўқишга шошаётган аёли Ҳилолани машинасида манзилга элтиб қўядиган бўлди. Иккиси ўзаро суҳбатлашиб бораркан, кутилмаганда Мирафзалнинг яна эски дарди қўзғалди – оғзидан боди кириб, шоди чиқди. Биров койиса тарафини олиши керак бўлган ўз ҳимоячиси, жуфти ҳалолининг оғзидан чиқаётган бир-биридан уятли, эшитса ҳатто илон пўст ташлайдиган сўзлар Ҳилолага оғир ботди, унинг кўнглини чил-чил синдирди, кайфиятини ҳавога сочди.

Шу йўсин, яқин қариндошларнинг баъзиси ва умр йўлдоши Мирафзалнинг сўздан ясаган ўқларига нишон бўлди. Тиғ яраси битади, тил яраси битмайди, дейди донолар. Шу зайл кунлар ўтиб борарди.

Турмуш ўртоғининг аччиқ сўзлари ва тазйиқларига чидолмай, ота уйига кетиб ҳам тинчимаган Ҳилола бир вақтлар энг ширин сўзларни айтган турмуш ўтоғининг феъли нега бунақа айниб қолгани сабабини билолмасди. Мирафзал айнан шу феъли сабаб, қонуний жавобгарликка тортилиб, яқиндагина 3 миллион сўм жарима тўлаган бўлса-да, яна аввалги одатларини ташламагани ажабланарли ҳол эди, албатта.

Ҳилола яна судга мурожаат қилди. Мирафзал тузалиш йўлига ўтмагани, калтаклари сабаб ҳомиласи тушиб қолгани, юқорида бўлиб ўтган ҳолатлар кўнглини муздай совутганини таъкидлади.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди тегишли далилларни атрофлича ва холис ўрганиб, ўзининг галдаги суд мажлисида ушбу масалани кўриб чиқиб, унга қонуний ойдинлик киритди. Жиноят кодекси тегишли модда ва бандларига мувофиқ айбли деб топилган Мирафзал Сайдаматов аввалги жазоларнинг ўталмай қолган қисми шартлилиги бекор қилиниб қўшилгани ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилди.

***

Яна бир ҳолат. 1988 йил Қува тумани, Бўзахўр қишлоғида туғилган Муҳаббат Фаёзова бинойидек инсон. Лавозим эгаси ҳам. Албатта, бундай инсонларнинг хатти-ҳаракати, юриш-тушири омма нигоҳи-назаридан четда қолмайди. Ўтган йили Қува туман суди ҳукмига кўра айбли деб топилган Муҳаббат маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс талабларини бузгани учун 600 минг сўм жарима тўлаганди.

Бироқ бу ҳол унга кифоя қилмабди чамаси, иккинчи маротаба шундай ҳолга йўл қўйди.

Андижонга иш билан келган Муҳаббат аэропорт теграсида ўзи билан суҳбатлашиб турган Мўътабар Чанишева билан арзимаган гап сабаб келишолмай қолди ва кутилмаганда унинг шаънига соя соладиган сўзларни ёғдириб, ҳақорат қила кетди.

Ушбу масала ҳам жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида ўтказилган сайёр мажлисида кўриб чиқилди ва хулоса эълон қилинди. Мажлис жараёнида меҳмон аёл бироз қизишгани, қилмиши яхши эмаслигини тушуниб етгани ва Мўътабар Чанишевадан узр сўраб, ўзаро ярашганликларини маълум қилди.

Суд, мана шуни инобатга олиб, икки тараф холис ярашганликлари сабаб, айбланувчига нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазодан уни озод қилди ва шу тариқа, юритилган жиноят иши қонун доирасида тугатилди.

Мирафзал ҳам, Муҳаббат ҳам бундан буён ўз ишларидан хулоса чиқариб, тилига ортиқча эрк бермаса, барча иш ўз изида кетаверади. Бировнинг дилини вайрон қилиш қанчалар нохуш иш, номақбуллик, қолаверса, қонун талабига ҳам зид экани аён. Бу оддий ҳақиқатни англаган ва амалга татбиқ қилган ҳеч бир киши асло ютқазмайди.

Муҳайё Турдиева,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси