Атрофга назар

Ўрганган кўнгил ёки навқирон йигитнинг бешинчи бор судланишига нима сабаб бўлди?


26.03.2024   858

Жиноят йўлига кириб қолиб, бир маротаба судланган кишиларнинг аксарияти тайинланган жазони ўташ чоғида хатоларидан етарлича хулоса чиқариб, энди ҳалол меҳнат билан шуғулланишга, ҳаётини яхшиликлар билан янгитдан бошлашга аҳд қилади. Зотан, жазо муқаррарлигини таъминлашнинг бош мақсадларидан бири ҳам маҳкумни тарбиялашдир.

Аммо йўлдан адашган ва қилмишига яраша жазо олганларнинг ҳаммасига ҳам озодликдан маҳрум бўлган йиллари – ҳаётининг мазмунсиз кунлари сабоқ бўлмас экан. Андижонлик Тоҳир Сатимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳақида ҳам ҳеч иккиланмай шу фикрни айтиш мумкин. Йўқса, у айни куч-қувватга тўлган, ҳаётининг навқирон палласи – 31 ёшида бешинчи бор судланмаган ва қамалиб кетмаган бўлар эди.

Таъкидланганидек, аввал такрор-такрор судланган бу йигит бир гал транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятни содир этган бўлса, нақд уч маротаба ўғирликка қўл урганлиги туфайли жавобгарликка тортилган. Ўрганган кўнгил, деб бежиз айтилмаган экан - Тоҳир Сатимов бу сафар ҳам ўғирлик қилганлиги ортидан жазога маҳкум қилинди.

Хўш, жиноят қандай содир этилганди?

Ўтган йил баҳор кунларининг бирида Тоҳир ўзининг бошқарувидаги “Матиз” русумли автоуловида Жалақудуқ томонларга йўл олади. Маҳаллама-маҳалла айланар экан, хилватроқ кўчадаги дарвозасига қулф урилган уйга кўзи тушади. Теварак-атрофга қараса, ҳеч ким йўқ. Девордан ошиб ҳовлига ўтиб, хонадон ётоқхонасидан шу уйда яшовчи З.Дадаеванинг қиймати 12 миллион сўмга тенг бўлган тилла занжири ва узугини чўнтагига уради ҳамда ими-жимида кўздан ғойиб бўлади.

Орадан бир ярим ойлар ўтгач, қаҳрамонимизнинг кўнгли тағин ўғирлик қилишни тусаб қолади. “Қорлар ёғиб излар босилди” қабилида яна айнан шу уй-жой атрофида ўралаша бошлайди. Дарвозага қараса, қулф осиғлиқ турибди, кўча-кўйда ҳам ҳеч ким йўқ. Фурсатдан фойдаланган Тоҳир ўтган галгидек девордан сакраб ўтиб, хонадоннинг ётоқхонаси эшиги қулфини темир бўлаги билан бузиб, уйга киради. Сандиқдан Д.Собировга тегишли 50 миллион сўм пулни олиб, жуфтакни ростлайди.

Бир оиланинг мол-мулкини икки бора яширин равишда талон-торож қилган шоввоз “изимни ҳеч ким топа олмайди” дея хомтама бўлган эди. Чунки жабрланувчиларнинг тегишли идораларга ёзган аризалари ортидан жиноятчини қидириш ҳаракатлари бошлаб юборилганди. Орадан кўп вақт ўтмай, Тоҳир Сатимов қўлга олинди.

Унга жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа тумани судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисмининг “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ судланувчи ҳукмга нисбатан апелляция шикояти келтириб, айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, оилада ягона боқувчилиги ҳақидаги важлар билан жазони енгиллаштиришни сўради.

Мазкур иш Андижон вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Тарафларнинг фикрлари, жумладан, жабрланувчиларнинг апелляция шикоятига нисбатан суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўраб билдирган эътирозлари тингланди, жиноят иши ҳужжатлари таҳлил қилинди, якунда ҳайъат қуйи суднинг ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топди.

Айтишга осон, аммо 8 йил оз фурсат эмас. Тўрт девор орасида ўтадиган кунлар умрнинг ғаниматлигини англайдиган инсон учун ҳақиқий армонли йилларга айланиши шубҳасиз. Шу билан бирга, йўлдан тойган кишига ўзининг хатти-ҳаракатларини сарҳисоб қилиш, феъл-атворини ўзгартириш учун етарлича вақт. Тоҳир Сатимов ҳам энди қинғир ниятлардан тийилиб, ёмон одатлардан воз кечса ажабмас.

Фарруҳ Абдураимов,

Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари