Атрофга назар

“Ўзбекистон 2030” стратегияси: тараққиёт сари 100 мақсад


27.03.2024   714

Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, муайян даврларда белгиланган аниқ мақсад ва марраларга эришишнинг энг муқобил йўлларини ўзида ифода этган стратегиялар ишлаб чиқилган ва уларни босқичма-босқич рўёбга чиқариш тараққиётнинг асосини ташкил этган.

Шу маънода давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан “Ўзбекистон 2030” стратегиясининг тасдиқланиши ва унда амалга оширилиши керак бўлган вазифаларнинг мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Сир эмаски, ўтган йилнинг 30 апрель куни ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлиги Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Эндиликда асосий эътибор янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда тараққиётга эришиш учун қайси йўлдан борган маъқул, деган саволга қаратилган эди. “Ўзбекистон 2030” стратегиясида қайд этилган вазифалар айни шу саволга жавобдир.

Жумладан, мазкур ҳужжат халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашга қаратилган 100 мақсадни қамраб олган.

Шу ўринда стратегияда келтирилган 100 мақсаднинг қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларга оид айрим қирралари хусусида тўхталсак.

Масалан, Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашни суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бош мезонига айлантириш билан боғлиқ мақсаднинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш амалиётини 30 фоиздан 20 фоизга тушириш, судлар ҳамда тергов органлари фаолиятида айрим процессуал ҳаракатларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятларини камида 2 баробарга ошириш назарда тутилган.

Ёки дейлик, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда маъмурий адлия тизимини янада ривожлантириш мақсадида маъмурий судларга бевосита мурожаат қилишга тўсқинлик қилаётган омилларни тўлиқ бартараф этиш, судга қадар босқичда низоларни ҳал қилиш самарадорлигини 50 фоизга ошириш, судга қадар ҳал этилиши мумкин бўлган низолар юзасидан судларга келиб тушадиган ишлар сонини 50 фоизга камайтириш, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш натижалари устидан судларга юборилаётган шикоятларнинг 50 фоизини электрон шаклда келиб тушишига эришиш, тадбиркорлик субъектларига нисбатан кўрилаётган жиноят ишларининг 100 фоизида ҳимоячи ёки жамоат ҳимоячиси иштирокини таъминлашга эришиш, суд тизимини бошқаришга судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини тўлақонли жорий этиш ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари тизимини тўлиқ шакллантириш, Жаҳон одил судлов лойиҳасининг Ҳуқуқ устуворлиги индекси бўйича юқори даражаларга эришиш каби қатор жиҳатлар белгиланган.

Умуман олганда, стратегияда белгиланган мақсадлар шунчаки ҳавойи ёки баландпарвоз гаплар эмас, балки ҳаётнинг ўзи тақозо этаётган масалалардан иборат, десак сира ҳам муболаға бўлмайди. Чунки юртмиизда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида ўзига хос тажриба орттирилди. “Ўзбекистон 2030” стратегияси эса ана шу тажрибалар ҳамда жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ҳужжатдаги мақсадларнинг аллақачон босқичма-босқич ижро этила бошланганлиги ва бу жараён сўз бораётган давр оралиғида изчил давом этиши мамлакатимизнинг барча соҳалар бўйича тараққиёт даражасини бир неча поғонага юксалтириши ҳамда ҳаёт сифатини оширишига шубҳа йўқ.

Тилаволди Атабоев,

Андижон вилояти суди судьяси