Андижонда

Йил дастури: вазифалар залворли, енг шимариб ишлаш керак


22.02.2024   1414

Президентимизнинг шу йил 21 февраль кунги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ги фармонида стратегияда белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни жорий йилда самарали амалга ошириш вазифалари аниқ кўрсатиб берилди. Хусусан, илмли, жаҳон тилларини биладиган, ишбилармон, тадбиркор ёшлар сафини кўпайтиришга, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хўш, биз бугун йил дастурида олдимизга қўйилаётган вазифаларни бажаришга тайёрмизми? Дастур ижросини тўлақонли бажариш учун қайси жиҳатларга эътибор қаратиш зарур?

Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади, деган ибора бошланғич ўрта таълим тизимининг иш тамойилига айланди. Республика миқёсида кичик ҳудудни эгаллаган вилоятимизнинг ўзида 811 та мактаб фаолият кўрсатмоқда. Уларниг 765 таси давлат, 30 таси нодавлат таълим масканларидир. 14 та ихтисослаштирилган ҳамда 1 та ижод ва 1 та Президент мактабларида илғор технологиялар асосида билимлар берилмоқда.

- Ўтган ўқув йилида 32 мингдан зиёд ёшлар мактабларни битирдилар, - дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Ёдгорбек Мадаминов. - Уларнинг 9 минг 763 нафари (31,7 фоиз) университет ва институтларга кирдилар. Инглиз тили бўйича билимларни баҳолаш халқаро тизими - IELTS синовларидан юқори балларни эгаллаган 565 нафар ўқувчи муддатидан олдин талабалик номига сазовор бўлдилар.

Ютуқлар, албатта, бизни қониқтирмайди. Ўқувчилар билан тизимли ишлаш учун ўқитувчиларнинг ҳам салоҳияти, билими ва тажрибаси юқори бўлиши кун тартибига қўйиляпти. Бу талабга жавоб бера олган, ўз устида тинимсиз изланиб билими ва тажрибасини бойитиб бораётган ўқитувчилар иш ҳақига қўшимча устама тўловларини олиб келмоқда.

Бу ўқув йилида битирувчилар сони 33 минг 658 нафарни ташкил этмоқда. Ҳар бирининг орзулари осмонча. Бундан ташқари апрель ойи якунида IELTS синовлари натижалари аниқ бўлади. Ўйлаймизки, бу галги кўрсаткичлар ўтган йилгидан кам бўлмайди.

Хўш, 33 мингдан зиёд битирувчи учун вилоятимизнинг ўзида нечта олийгоҳ ва нечта профессионал таълим муассасаси эшик очяпти?

Саволимизга Олий таълим ва инновациялар вазирлиги вилоят бошқармаси раҳбари Музаффарбек Мадазимовдан жавоб олдик:

- Бугунги кунда вилоятимизда 11 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 7 таси давлат, 2 таси нодавлат ва 2 таси хорижий талим муассасалари ҳисобланади.

Ҳозирда жами 63 мингдан зиёд талабалар таҳсил олишмоқда. Шундан 806 нафари хорижликлар. Барча олий таълим даргоҳларида салоҳиятли профессор-ўқитувчилар сабоқ беришади. Керак бўлса, таълим жараёнларига хорижий мутахассилар жалб қилинмоқда.

Вилоятнинг узоқ туманларидан келган йигит-қизлар учун жами 10 431 та ўринли 21 та ётоқхона барча шароитлари билан хизмат кўрсатмоқда. Бу борада вилоят раҳбарининг саъй-ҳаракатларини алоҳида қайд этиш зарур. Ҳоким ҳар бир ўқув юртига бориб, шарт-шароитлар билан танишиб, талабаларнинг турар-жой масаласида муаммоси бўлмаслигига эътибор қаратиб келмоқда.

Бундан ташқари Андижондаги 67 та профессионал таълим муассасасида 32 минг 299 нафар йигит-қиз билим ўрганиш баробарида муайян касбларга ўргатилмоқда.

Бугун ўқувчилар жуда илғор. Айниқса, тил ўрганишга иштиёқи баланд. Лекин биринчи тест синовларидан қоқилиб, ҳафсаласи сўнган ёки ота-онасининг тазъйиқи остида олийгоҳни эмас оила қуришни танлаган йигитлар-қизлар ҳам қаторда йўқ эмас. Алломаларимиз бежизга илм изламоқни игна билан қудуқ қазишга менгзашмайди. Билимли, дипломли йигит-қизлар бу маррага осонликча эришди, деб ўйлайсизми? Асло ундай эмас.

Битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичларини ошириш, ёшларга вилоятдаги ОТМ лар ҳақида батафсил маълумот бериш мақсадида ректорларнинг ўқувчилар билан юзма-юз учрашувлари, давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. Андижон шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида бўлган учрашувда ҳар бир олийгоҳ ректори ўзи раҳбарлик қилаётган таълим даргоҳидаги ихтисосликлар, шарт-шароитлар ҳақида гапириб ўтдилар. Ўқувчилар мазкур таълим даргоҳларига саёҳат қилишни режалаштириб олдилар.

Бу каби тадбирлар олис туман мактабларида ҳам ўтказилса, ректорлар, профессорлар дарс машғулотларини ўтиб берсалар, бу амалий ҳаракатлар ўқувчиларнинг орзуларига қанот бўлиши шубҳасиз.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.