Андижонда

15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни: БАХТИ БЕКАМ АЁЛМАН!


14.10.2022   320

Тонгни қуёш билан бирга қарши оламан. Аниқроғи, хали ер юзи ёришмай, қуёшга юмушларимни бажариш асносида пешвоз чиқаман. Бувим раҳматли болалигимда "ер юзини очсанг, доим юзинг ёруғ бўлади", дердилар. Қўшни қизлар билан ким аввал кўча супуриш бўйича мусобақалашардик ўшанда ҳам. Шу-шу келин бўлиб ҳам эрта туришга, уй ишларини барвақт бажаришга қийналмадим.

Қайнота-қайнонам анча кексайиб қолдилар. Уларга парвариш керак. Келин эмас, қиз бўлиб хизматларини қилишга ҳаракат қиламан. Ҳозир айни пахта мавсуми. Тонг саҳардаёқ рўзғор ишлари, сигир соғиш, ем бериш каби юмушларимни бажариб, оиламиз пиру давлатлари хизматини қилишга киришаман. Кейин эса уларнинг рухсати билан пахта даласига келаман. Баҳоли қудрат юртимиз хирмонига кичик меҳнатим билан ҳисса қўшишга урин-япман.

Шукр, уч фарзандим дадаси билан менинг ёрдамчиларимизга айланишган. Ҳалол меҳнат, пешона тери билан ўқитяпмиз, улғайтиряпмиз. Турмуш ўртоғим оддий дурадгор, ўзим уй бекасиман. Тўнғич қизим Андижон давлат университетида таҳсил оляпти. Иккинчи ўғлим туманимиздаги Президент мактабида 10-синфда ўқияпти, кенжамиз хали боғча тарбияланувчиси. Барчасининг замон талаблари даражасида таълим-тарбия олишлари учун имконият ва шарт-шароитларни яратиб беряпмиз.

Қишлоғимиз унча-мунча шаҳардан қолишмайди. Кўп ҳолларда "қишлоқ ҳаёти, қишлоқ аёли" деганда одамларнинг тасаввурида қийин турмуш, оғир меҳнат гавдаланади. Йўқ, бугун ундай эмас. Масалан, мен шу қишлоқда туғилиб-вояга етганимдан, яшаётганимдан фахрланаман, ҳеч қачон армон қилмаганман. Чоғроққина томорқамизда озиқ-овқат маҳсулотларини ўзимиз етиштирамиз, деярли бозордан сотиб олмаймиз, демак, қишин-ёзин рўзғоримиз бут.

Дам олиш, ҳордиқ чиқариш учун алоҳида вақт ажратамиз, қайнота-қайнонамни турли сиҳатгоҳу санаторийларга юборамиз.

Бир сўз билан айтганда, меҳнат қилишни уддалаяпмизми - чарчоқ ёзишга ҳам имкон топамиз.

Қишлоқнинг оддий, лекин бахти тўкис аёлиман. Бу эътирофни ҳар даврада баралла айта оламан. Ҳеч қачон нолимайман. Дастурхонимиз файзли, оиламиз тинч-тотув, рўзғоримиз тўкис, бировдан кам эмасмиз.

Аслида аёлнинг бахти шуларда эмасми: хонадоним фаришталари ҳамиша дуода, турмуш ўртоғим билан бир-биримизни тушунамиз, ардоқлаймиз, фарзандларим комиллик билан камол топяпти. Мана менинг бахтларим!

Танзилахон МЎЙДИНОВА,

Балиқчи тумани,

Пахтакор маҳалласи.