КИМЛАР ВА ҚАЙСИ ХОДИМЛАР ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИЛАРИ ҲИСОБЛАНАДИ?
15.08.2022 12009
Давлат органлари ва давлат ташкилотларидаги ходимлар давлат фуқаролик хизматчилари ҳисобланади. Бироқ, хамма ходимлар ҳам давлат фуқаролик хизматчилари бўлмайди.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда ишловчи ходимларгина давлат фуқаролик хизматчилари ҳисобланади. Яъни, бу ерда алоҳида давлат реестрига (яъни махсус рўйҳатга) киритилган лавозимлардаги ходимлар тушунилади.
Бу реестр борми ва у ким томонидан тасдиқланади?
Реестр ҳозирча йўқ. Лекин янги Қонуннинг 22-моддасига асосан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Президент томонидан тасдиқланиши кўрсатилган.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига биноан шундай давлат хизматчилари борки, гарчи улар давлат органи таркибида бўлсада, уларга ушбу қонундаги давлат фуқаролик хизматчилари мақоми қўлланмайди, булар:
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати девони ходимлари, Марказий сайлов комиссияси аъзолари, судьялар ва суд тизими ходимлари, Марказий банк бошқаруви аъзолари, прокуратура, ички ишлар, мудофаа ишлари, фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия, Давлат божхона хизмати, ДХХ, Президент хавфсизлик хизмати органларида ишлаётган хизматчилар, шу билан бирга ҳарбий хизматчилардир.
Бундан ташқари, давлат органларининг техник, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ходимларига ҳам ушбу Қонундаги давлат фуқаролик хизматчилари сифатида қаралмайди.
Давлат органлари ва давлат ташкилотларининг (вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат муассасалари ва бошқаларнинг) махсус давлат реестрига кирган лавозимларда ишловчи ходимларигина давлат фуқаролик хизматчилари бўла олади.