Акс садо: «АНДИЖОН ПОЛЬКАСИ» - АНДИЖОН ЙИГИТЛАРИНИНГ МАДҲИЯСИ. У ҲАҚДА НИМАЛАР БИЛАМИЗ?
27.04.2022 11908
Бугун ОАВнинг барча шаклларида, ижтимоий тармоқларда «Андижон полькаси» хусусидаги фикрларни ўқияпмиз, турли ёшдаги инсонлар томонидан ижро этилаётган рақсини кўряпмиз. Турли яхши-ёмон муносабатларга ҳам гувоҳ бўляпмизки, айни муносабатлар мазкур мавзуда бир оз мулоҳаза қилишга чорлади бизни.
Яқин тарихга қайтайлик.
«Андижон полькаси»нинг ёши айтилаётгандан мўлроқ. Гап унда ҳам эмас аслида. Мақсад Андижон улусида «Андижон полькаси» тарғиботи орқали маънавий ҳаётни аввалги ўзанга солишдан иборат. Билган билади. Давлат раҳбари ҳар бир мактабда ўзбек чолғу асбобларининг барча хиллари бўлишлиги шартлигини бежизга айтмади. Талон-тарожликдан омон қолган маданият саройлари, клубларни таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган пуллар натижаси қани?
Миллий ифтихор, миллат кўзгуси бўлган анъанага қайтишнинг, уни ёш авлодга қайтаришнинг нимаси ёмон? Кимгадир миллатга қайтиш ёқмаётган бўлса, майли, тингламай қўяверсин...
Биз эса «Андижон полькаси»нинг кўплар билиб-билмаган қирраларидан сўзлашни лозим топдик. Хулосани эса ҳар ким ўзи чиқаради...
***
Бундан 50 йиллик аввал ҳозирги «Андижоннома» газетаси таҳририятига бир гуруҳ ёшлар бирин-кетин кириб келишди. Аксариятимиз ғўр эдик. Кучли жамоанинг қўллаб-қувватлови билан аста-секин касб сирларини қайтадан ўзлаштира бошладик.
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига сазовор бўлган Обоқул Эгамов, Юсуфжон Ғиёсов, Каримжон Йўлдошев, Ғуломжон Зайнобиддинов ва бошқа устозлар қозонида қайнар эканмиз, ўзаро мулоқотларда улар Андижон тарихи билан боғлиқ воқеликлар ҳақида сўзлаб беришарди.
Ана шундай суҳбатларнинг бирида Юсуфжон Ғиёсов «Андижон полькаси» куйи ва рақси, мусиқаси муаллифи Ориф гармон Тошматов ҳақида бисотидаги борки хотирани қулоғимизга қуйди.
- 5-6 яшар болакай эдик, - деган эди, ўшанда устоз. – Ҳовлимиз 30-мактабга туташ эди (устоз 1915 йилда туғилган). Навоий номли боғ дарвозаси олди каттагина майдон бўлиб, кечга бориб Ориф гармон бу ерга келар, унинг келиши билан Андижоннинг чапани йигитлари давра олишарди. Гармон оҳанглари эса ёшларни ўз-ўзидан ўйинга тушиб кетишига тортарди. Қоронғу тушганда ҳам йигитлар ва болалар чарчоқ нима эканлигини билишмас, ўйин-кулгу тугагач эса, давра қатнашчилари Ориф гармонни уйигача кузатиб қўйишар, йўл-йўлакай ҳам ўйинга тушиш тўхтамас эди. Биз каби болалар ҳам бир неча бор Ориф гармоннинг маҳалласигача эргашиб борганмиз. Узоқ йиллар давомида шаклланган мусиқа туфайли «Андижон полькаси» тарихга муҳрланган.
Маълумки, ўзбек созандачилигида гармон бўлмаган. Қачонки, ўлканинг Россияга қўшиб олиниши ортидан маҳаллий аҳоли тилига ва динига муштарак бўлган бошқирдлар, татарлар тилмоч сифатида Туркистонга сафарбар этилган. Жумладан, Андижонга ҳам янги ва эски шаҳар чегараси ҳудудига ўнлаб оилалар жойлаштирилган. Улар тездаёқ маҳаллий аҳоли билан тил топиб кетишган. Қўни-қўшни бўлиб яшаш ортидан бир-бирларидан кўплаб нарсаларни ўрганишган.
Орифжон Тошматов хонадонида санъат алоҳида ўрин тутган. Отаси Тошмат бува моҳир созанда бўлиб, айниқса дутор чалишда тенгсиз бўлган. Шаҳарда ўтказиладиган барча тадбирлар ва сайилларни бошқариши билан эл назарига тушган.
Бошқирд ва татарларнинг гармон чалиши Орифжонда ҳам қизиқиш уйғотганлигини сезган ота фарзандига гармон олиб беради. Зеҳни зийрак йигит тездаёқ гармон чалиш сирларини ўзлаштирар экан, тенгқурларининг у чалган куйларга рақсга тушишлари бошқа маҳаллаларда яшовчи ёшларни ҳам қизиқтира бошлаган.
- Ориф гармон созини олиб кўчага чиққан замон ёшу қари уни ўраб олар, юрса юрар, тўхтаса тўхтарди, - дея хотираларини бизга билан баҳам кўрган устоз «Андижон полькаси»нинг яратилишини ўша даврнинг буюк кашфиётларидан бири сифатида таъкидларди.
«Андижон полькаси» куйи шу қадар жозибадор бўлиб, ҳар қандай йигитни беихтиёр ўйинга тушишга чорларди. Йигитлардаги шиддатни тўлақонли қамраб олган мусиқа бир ёки ҳафтада тайёр бўлган эмас. Йиллар ўтиб уруш арафасида ноталаштирилган. Республика раҳбарларининг эътирофига сазовор бўлган «Андижон полькаси» муаллифи Ўзбекистон халқ артисти унвонига муносиб кўрилган.
Бу куйнинг алоҳида жиҳати шуки, рақсига эркак ва аёллар, йигит ва қизлар бирдек ўйнайверишади. Дунёда юрт кўп, миллат кўп. Полька куйи ва рақси бор йўғи рус, украин ва ўзбекларда бор, холос.
Машҳур «Баҳор» ансамбли юздан зиёд мамлакатларда ўзбек санъатини намойиш этишган экан, албатта «Андижон полькаси» ҳам томошабинларга ҳузур бағишлаган. Ёдимизда айнан «Андижон полькаси» билан боғлиқ эсда қоларли айрим кузатувларимиз бор.
Ўзбек санъатига кўплаб янги овозларни олиб киришга хизмат қилган «Марҳабо талантлар» кўрик-танловининг Андижон вилоятига бағишланган дастурида «Андижон полькаси» ижроси ҳам бор эди. Андижоннинг азиз фарзандларидан бири ҳисобланмиш Абдуғаффор Қодиров саҳналаштирган «Андижон полькаси» «Баҳор» концерт залида ҳозир бўлган барча мухлисларни оҳанграбодек ўзига тортганлигига гувоҳ бўлганмиз. Қарсаклар тинмади. Мукарамма Турғунбоева саҳнага чиқиб, таъзим билан «Андижон полькаси»нинг янги талқини билан барчани кўзида ёш билан қутлаганлигини кўрган эдик. Шунга ҳам ушбу баҳорда 50 йил бўлибди…
2005 йилнинг Наврўзида Андижонга Европа иттифоқига аъзо давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари гуруҳи ташриф буюришган эди. Избоскан туманидаги А.Тиллабоев номли ширкат хўжалигининг Умарали Ҳудойбердиев раҳбарлик қилаётган бригада дала шийпонидаги Наврўз шодиёнасида ҳозир бўлган дипломатлар «Андижон полькаси» рақси билан сеҳрланиб қолишди. Ижрочи бўлмиш 70 ёшдан ўтган 14 нафар фарзанднинг отаси, оддий сартарош Озодбек Абдуллаев меҳмонларнинг илтимоси билан уч бор санъатдаги маҳоратини намойиш этди. Учинчи бор ижро этилаётган рақс давомида аксарият элчилар Озодбек отага қўшилишиб, ўйингга тушганликлари «Андижон полькаси»нинг нақадар оммавий рақс эканлигига далолат бўлади.
«Андижон полькаси»нинг умрига умр қўшган Абдуғаффор Қодиров қатор хорижий мамлакатлардаги гастрол сафарларида унга бўлган қизиқиш ўта юқори даражада бўлганлиги ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.
Ўзбек мусиқа санъатига гармонни олиб кирган ва биринчи ижроси сифатида эътироф этилган Орифжон Тошматов яратган «Абдураҳмонбеги», «Насруллойи», «Ажам», «Дилхирож», «Жазоир» ва «Тановар» каби мураккаб куйлари олий санъат даргоҳларида ўқитилмоқда.
Ўзбекистон халқ артисти, моҳир ғижжакчи Ғуломжон Хожиқулов гурунгларнинг бирида Ориф гармончалик ҳали ҳеч ким «Андижон шуҳратига шуҳрат қўшмаган» дея лутф этдики, бундан ортиқ баҳо бўлмаса керак.
Бу баҳони англамоқ учун инсон қалби маънавий баркамол бўлиши керак, албатта. Бугун бу ҳақда сўз очсангиз, қулоқ осадиган одамлар борми? Ана шу саволни кун тартибига қўйсангиз, оладиган жавоблар ҳам тайёр…!
Аслида юқорида устозларимиздан эшитганларимизни қайд этганимиздек, «Андижон полькаси»нинг ёши айтилаётгандан мўлроқдир. Гап унда ҳам эмас. Мақсад Андижон улусида «Андижон полькаси» тарғиботи орқали маънавий ҳаётни аввалги ўзанга солишдан иборат. Билган билади. Давлат раҳбари ҳар бир мактабда ўзбек чолғу асбобларининг барча хиллари бўлишлиги шартлигини бежизга айтмади. Талон-тарожликдан омон қолган маданият саройлари, клубларни таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган пуллар натижаси қани?
Пахса ёки гуваладан кўтарилган мактабларда ўқиганлар орасида шу қадар машҳур инсонлар етишиб чиққанки, улар орасида зикр этганимиздек, юзлаб санъат дарғалари камол топган. Бугунчи? Саройларни эслатувчи кошоналарда маданий ҳаёт қандай?
Китобни, газетани тутантириқ қилаётган эканмиз, бунинг оқибати намоён бўла бошлади. Иш куйининг ярмидан кўпини «Телеграмм»га, «Фейсбук» ва «Инстаграмм»га сарфлаётган инсонлар ва улардан ўрнак олаётган фарзандларидан жамият нимани кутади?
Бир эмас, кўплаб зиёлилар томонидан вилоят телерадиокомпанияси раҳбариятига айнан «Андижон полькаси» бўйича маҳалладан бошлаб вилоят даражасигача танлов ўтказиш таклифи берилганлиги ҳали унутилганича йўқ. «Андижон полькаси» боғчадаги бола, мактаб ўқувчиси, олий таълим талабаси, ишчи ва хизматчи ижросида хоҳ яккахон хоҳ оммавий ижрода ўзгача талқинини топади.
Адабиётдан, санъатдан узоқ одамда фикрлаш доираси торайиб бораверган сари эса унда оддий сўз мағзини чақа олмайди. Қолаверса, жирракилик ва жахл сабаб эса маънавий саводхонлик ривожланишга тўсиқ бўлаверади.
Қобилжон АСҚАРОВ
2022 йил 27 апрель