Андижонда

АРОСАТДА ҚОЛГАН КЎЧА... (ФОТОРЕПОРТАЖ)


04.02.2022   10402

АРОСАТДА ҚОЛГАН КЎЧА ШАҲРИМИЗ МАРКАЗИГА ДОҒ ТУШУРМОҚДА

Андижон шаҳрининг Маориф маҳалласи вилоятнинг деярли барча нуфузли ташкилотлари фаолият олиб борадиган кўчанинг шундоққина орқасида жойлашган. Бироқ унинг бугунги ҳолати ачинарли. Ҳудуд «Обод маҳалла» дастурига киритилган. Бу ерга келтирилган электр бетонлар бир чеккага ташлаб кетилганига ҳам олти ойдан ошган.

Камолиддин Эргашев 2 йилдан буён МФЙга раислик қилади, - дейди Маҳалла фаоли Насимжон Мамадалиев. Лекин, аҳоли билан яхши ишламаяпти. Одамларнинг муаммосини тинглаш тугул, улар билан умуман қизиқмайди. Аввалги раис Алишер Мамасолиев жуда яхши иш олиб бораётганди.У бетоблигида янги раҳбар сайлаб қўйишди. Жамиятнинг кичик бўғини ҳисобланган маҳаллага ҳам ўзимиз раис тайинлолмаганимиз алам қилди.










- Маҳалла дастурга киритилди, дейишди. Лекин натижа ёки бирор амалий ҳаракат бўлмаяпти.Раиснинг аҳолини қийнаётган пенсия таъминоти, газ, сув масалалари билан ҳам умуман иши йўқ. Яхшиям маҳалла фаоллари, оқсоқоллар бор. Шулар оёққа туриб, муаммоларни имкон қадар қўтариб чиқяпти. Раисга эмас, фаолларга суянамиз, - дейди маҳалла аҳли.

- Хотин-қизлар бўйича маҳалла масъули Хафизахон Аҳмедова вазифаси бўйича ишлаганини сезмадик. Яшаш жойи Бўстон ҳудудида бўлгани учун фуқаролар ҳаёти билан қизиқмайди. Ҳақиқий ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатилмаяпти, - дейди оқсоқол Адҳамжон Холиқов.

Маҳалланинг Шота Руставели кўчасидаги ҳолат анча жиддий. Йўллар ўйдим-чуқур. Шағалнинг ўрнига қурилиш чиқиндилари тўкиб кетилган. Ёмғирли кунларда лойдан аримайди. Электр таянч вазифасини бажараётган симёғочлар ёшини яшаб бўлганига ҳам бир асрдан ортган. Симлари очиқ ҳолатда, томларда узилиб ётибди. Бир қарашда ўргимчак тўрини эслатади. Фавқулодда вазиятларда кўчага бир неча бор ўт ўчириш, тез тиббий ёрдам машиналари киролмаган. Маорифда ҳеч қандай иш амалга оширилмади дейолмаймиз. Лекин буларнинг бари хўжакўрсинга қилинганлиги билиниб турибди. У Навоий шоҳкўчаси билан қўшни. У ердан не-не мутасаддилар юрмайди дейсиз. Наҳотки бу ерга ҳеч ким эътибор қаратмаса.

Президентимиз инсон қадрини улуғлаш ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб бериш эканлигини бот-бот такрорламоқда.

Олижаноб бу мақсадлар Маориф маҳалласида қачон амалга ошади? Мутасаддилардан бу борада жавоб кутган ҳолда мавзуга яна қайтишимизни истардик.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.