Атрофга назар

БАРЧАСИ ИНСОН ҚАДРИ УЧУН


03.12.2022   304

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонуни давлат органларининг ривожланиши ва маъмурий ислоҳатларнинг асосидир. Мазкур тизимда давлат хизматчисининг ўз касбий кўникмалари ва компетенцияларини ривожлантириши тўғрисидаги қоидалар асосий ўринни эгаллаши табиийдир.

Агар давлат органида бундай қоидалар бўлмаса, давлат хизматчиси илгари орттирган билимлари ҳисобига яшаш ва келажак ҳақида унчалик қайғурмаслик кайфиятига тушиб қолиши эҳтимоли юзага келади.

Албатта, узлуксиз таълимни ўз карьерасининг табиий қисми деб ҳисоблайдиган давлат хизматчилари бор.

Шундай бўлсада, давлат хизматчисининг хоҳиши билан бир қаторда касбий ривожланиш заруратининг ҳуқуқий мустаҳкамланиши мувозанатга келтирувчи бўлиб ҳисобланади.

Ҳозирги кунда давлат органлари ва ташкилотларда 118 минг нафардан ортиқ давлат фуқаролик хизматчилари фаолият юритиб келмоқда.

Айнан ушбу хизматчиларнинг Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ижтимоий муносабатларини тартибга солувчи умумий қоидалар билан бир қаторда давлат органларининг асосий вазифалари, ваколатлари ҳам ифодаланди. Давлат фуқаролик хизматчиларининг мақоми, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, ижтимоий ҳимоясининг кафолатлари такомиллаштирилди.

Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари одоб-аҳлоқ қоидаларига доимо риоя этишлари, ишчанлик обрўси ва хизматнинг нуфузига путур етказиши мумкин бўлган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)дан иш фаолиятида, хизматдан ташқарида ҳам тийилишлар назарда тутилди.

Давлат фуқаролик хизмати давлат хизматининг бир тури бўлиб, фуқароларнинг давлат фуқаролик хизмати лавозимларида, давлат органлари ваколатларини амалга оширишни назарда тутувчи, ҳақ тўланадиган касбий фаолият ҳисобланади.

Қонунга мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиларигабелгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлардан ташқари хизматни бажариш билан боғлиқ чекловлар ҳам ўрнатилди.

Қонун кимларга қандай татбиқ этилиши аниқ белгилаб қўйилган. Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри юритилиб, айнан ушбу реестрга киритилган лавозимлардаги давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолиятига татбиқ қилиниши белгиланди.

Давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги, барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларининг жамият ҳамда фуқаролар олдидаги масъуллиги, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги асосий принциплардандир.

Шунингдек, очиқлик, шаффофлик, холислик, профессионаллик, компетентлик, давлат фуқаролик хизматигакиришда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ижтимоий ҳимояланганлиги муҳим жиҳатлар сирасига киради.

Ушбу қонун билан Президент, Вазирлар Маҳкамаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари мустаҳкамланди. Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи мақомига эга бўлди.

Халқ хизматида бўлган давлат фуқаролик хизматчилари аҳолининг давлат органлари ва ташкилотларига бўлган муносабатини ифода этиб, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган юртбошимиз томонидан бошлаб берилган туб ислоҳотларнинг асосий ижрочиси сифатида кўз ўнгимизда гавдаланмоқда. Хулоса ўрнида шуни таъкидлашим жоизки, давлат хизматчилари халқ ва давлат ўртасидаги илиқ муносабатларни боғловчи кўприк сифатида янгидан пайдо бўлди деб айтсак тўғри бўлади.

Муҳаммаджон Мамуржанов,

Агентликнинг АКТ етакчи инспектори.