Андижонда

Бугун - Халқаро қишлоқ аёллари куни: ЭШОНҚИШЛОҚ КАЙВОНИСИ


15.10.2022   304

Балиқчи туманидаги "Пахтакор" массивида бўлган чоғимизда суяги далада қотган таниқли деҳқон бўлмиш Ширмонхон опа Саломовани шогирди Абдуманноп Кетмоновга қарашли далада учратдик. Опа шогирдининг пахта тайёрлаш бўйича шарт-нома режасини бажарганлиги билан қутловга келган экан. Биз ҳам фермерни муборакбод этиш асносида Ширмонхон опа билан суҳбатга киришдик. Негаки, Ширмонхон Саломова пахтачилик дарғалари бўлган ҳамқишлоқлари Меҳнат қаҳрамонлари Абдуманноп Исомиддинов, Турдихон Саттарова, энг қолоқ хўжаликларни қаддини тиклаган Ҳакимжон Қаюмов ва вилоятда узоқ йиллар бош ҳосилот бўлган Ўринбой Раҳмоновдан олган ўгитларни ипга чизгандай ёдга оладики, беихтиёр суҳбат тугаб қолмасин, деб ўйлайсиз. Агарда сиз ҳам "Пахтакор" массивида бўлиб, деҳқонларнинг давра суҳбатида бўлсангиз, беихтиёр шундай деган бўлар эдингиз.

Ана шундай машҳурларга ҳавас қилган ва уларнинг ортидан эргашган Ширмонхон Саломова ҳам эл-юртда ўз ўрнини топди. Оз эмас, 14 йил бригада бошлиғи, 17 йил хўжалик раҳбари бўлиб ишлади. Меҳнатлари муносиб рағбатлантирилиб, дастлаб "Меҳнат шуҳрати" орденига, сўнгра эса Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими фахрий унвонига муносиб кўрилди.

Фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноп Кетмонов бир теримда гектаридан салкам 40 центнердан ҳосил олган бўлса-да, устози олдида хижолат тортаётганлигини сездик.

- Абдуманноп ҳадеб хижолат тортаверманг, - деди Ширмонхон опа. - Сиз билан кўришгунча анча эгатни оралаб чиқдим. Озгина сабр қилсангиз бас, ўтган йилги натижадан ўзиб кетасиз. Ҳосилингиз етарли.

Опа вақт топдики, бирга ишлаган ва юкни тенг тортган ҳамқишлоқлари далаларига боради, улар ўртасидаги самимият қанчалар мустаҳкам эканлигига фақат ҳавас қиласиз. Шундан бўлса керак, "Пахтакор" массивида қолоқ фермернинг ўзи йўқ. Барчаси шартнома талабларини ортиғи билан ошириб - тошириб бажаришни таъминлайдиган ҳосилни яратишга ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишга одатланишган. Бунда Ширмонхон Саломова ҳамиша бош-қош.

Вилоятдан ёхуд тумандан борадиган ишчи гуруҳлари аъзолари "Пахтакор"-лик фермерлардан ғалла, пахта етиштириш сир-синоатларини ўрганишадики, асло камчилик топиша олмайди. Шунданми, ҳанузгача айнан шу массивда республика, вилоят, туман даражасидаги кўргазмалар, семинарлар, маслаҳатлашувлар давомий ўтказиб келинмоқда.

Меҳнат дафтарчасида фақат иккита лавозим қайд этилган Ширмонхон Саломова бугун Эшонқишлоқ аёлларининг яқин маслаҳатгўйи, сирдошидир. Опа қишлоқдаги мактаблар ва болалар боғчаларига буви сифатида қадам ранжида қилишдан чарчамайди. Кўп билан маслаҳатлашиб, иш қилишни ўзига одат қилиб олган опа ҳақида қанча илиқ ва самимий сўзлар айтсак, шунча оз. Таниқли деҳқон ва раҳбар сифатида элга эш бўлган ва ҳамон улар билан ҳамқадам бу инсон билан фахрланадиган беҳисоб десак, асло муболаға бўлмайди.

Эндигина қўлига кетмон олиб, бригада бошлиғи сифатида далага чиққан чоғида атоқли давлат арбоби Шароф Рашидов билан Асакадаги боғда ўтказилган машваратда юзма-юз суҳбатлашгани ва яхши тилакларга сазовор бўлганлиги опанинг кўз ўнгида ҳамон намоён бўлиб турибди. Ана шу намоёнлик эса опанинг ҳаёт йўлига машъал бўлиб, чароғон этиб келаётир.

Қобилжон АСҚАРОВ,

меҳнат фахрийси.