Атрофга назар

ДАВЛАТ ФУҚАРОЛИК ХИЗМАТЧИЛАРИ КИМЛАР


16.12.2022   507

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо этишга оид устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишни белгилаб бериш мақсадида, Давлатимиз раҳбари томонидан, жорий йилнинг 8 августда «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунни имзоланди.

Мазкур қонун Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади.

Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида хориж тажрибаси ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазаларига инобатга олиниб, АҚШ, Япония, Буюк Британия, Франция каби 10дан ортиқ ривожланган мамлакатлар, МДХ давлатлари ва бошқаларнинг тажрибалари ўрганилганлиги, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда икки йил давомида чуқур муҳокамалардан сўнг қабул қилинди.

Ушбу қонундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги 595-сонли “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур қарор давлат фуқаролик хизматчисининг нафақат иш фаолиятида, балки ишдан ташқари ҳолатларда ҳам юриш-туриши, жамоат жойларда ўзини қандай тутиши каби қоидаларни мужассамлаштирган.

Давлат фуқаролик хизмати деганда, «давлат хизматининг бир тури, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг давлат фуқаролик хизмати лавозимларидаги давлат органлари ваколатлари амалга оширилишини таъминлашга доир ҳақ тўланадиган касбий фаолияти тушинилади».

Давлат органлари ва давлат ташкилотларидаги ходимлар давлат фуқаролик хизматчилари ҳисобланади. Бироқ, хамма ходимлар ҳам давлат фуқаролик хизматчилари бўлмайди.

“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган лавозимларда ишловчи ходимларгина давлат фуқаролик хизматчилари ҳисобланади. Яъни, бу ерда алоҳида давлат реестрига (яъни махсус рўйҳатга) киритилган лавозимлардаги ходимлар тушунилади.

Қонуннинг 22-моддасига асосан давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестри Президент томонидан тасдиқланиши кўрсатилган. Давлат органлари ва давлат ташкилотларининг (вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат муассасалари ва бошқаларнинг) махсус давлат реестрига кирган лавозимларда ишловчи ходимларигина давлат фуқаролик хизматчилари бўла олади.

Юртимизда сўнгги йилларда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Давлат органлари “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янгича ва халқчил тизимда ишлашни бошлади. Давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашди. Халқни эшитиш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизимни мустаҳкамлаш учун эса муҳим ҳуқуқий асос қабул қилиниши керак эди.

Қонуннинг 5-моддаси “Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари” деб номланиб, унда

- давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги;

- қонунийлик;

- адолатлилик;

- халққа хизмат қилиш;

- давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги;

- инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги;

- очиқлик ва шаффофлик;

- холислик, профессионаллик ва компетентлик;

- давлат фуқаролик хизматига киришда Ўзбекистон Республикаси фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

- давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиниши, каби бандлар белгиланган.

Германия федератив республикасида ҳам давлат хизматида фаолият олиб борувчи кадрларга худди шу каби талаблар қўйилади. Мамлакатда қабул қилинган мезонларга мувофиқ давлат хизматчиларидан:

- садоқат (ходим, мансабдор шахс иш берувчисига садоқат билан хизмат қилиши);

- муносиб хулқ-атвор;

- чуқур касбий билимларга эга бўлиш;

- кўрсатмаларга қатъий риоя қилиш;

- иш интизомига риоя қилиш;

- ўзига юклатилган вазифаларни мустақил ҳал этиш қобилиятига эга бўлиш.

Эндиликда бизнинг мамлакатимизда ҳам кадрларни очиқ мустақил танлаб олиш шартлари асосида саралаш ва лавозимларга жойлаштириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, юртимизда ва хорижда малакасини ошириш, уларга даражалар бериш орқали мансаб поғоналаридан кўтарилиб боришини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди. Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Агентлик мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олди.

Хулоса қилиб айтсак, мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлади.

Акмалжон ТЎЛАНОВ,

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги

Андижон вилояти ҳудудий

бошқармаси бошлиғи.