Етти иқлим

МАШҲУР ПЕЛЕНИНГ ЮРТИДА БУГУН КАТТА ШОДИЁНА


07.09.2022   225

Бундан роппа-роса икки аср аввал, 1822 йил 7 сентябрида Жанубий Американинг юраги ҳисобланган Бразилия ўз мустақиллигига эришди. Португал сайёҳи Америго Веспуччи Жанубий Американи алоҳида материк сифатида 1497 йилда кашф этган эди. Орадан уч йил ўтгач, Бразилия 1500 йилда бошқа португал сайёҳи Педру Алвареш томонидан кашф қилинади. 1889 йилдан бошлаб республика деб эълон қилинган. Кашф этилган вақтда португалияликлар Бразилия ҳудудига Вера Круш Ери (португалчада “Вера – Круш” “ҳақиқий xоч” маъносини англатади), деб ном беришган. Аммо кейинчалик ушбу мамлакат Бразилия деб атала бошлаган. Мутаxассисларнинг фикрича, мамлакат ҳозирги номининг келиб чиқиши бу ердан Европага катта миқдорда олиб кетилган сандал дараxтининг тури – “пау – бразил” билан боғлиқ. Мазкур қимматбаҳо дараxт Европага буёқ, мебель ва мусиқа асбоблари ишлаб чиқариш учун олиб келинган. Мамлакат аҳолиси дунёдаги энг аралаш таркибга эга бўлган бразилияликлардан ташкил топган. Жумладан, оқ танлилар, асосан, португалияликлар, италияликлар, испанлар, немислар, араблар аҳолининг 53,9 фоизини, мулатлар (оқ ва қора танлиларнинг авлодлари) – 38,5, қора танлилар – 6,2, осиёликлар (асосан, японлар) – 0,5, ҳиндулар – 0,43 фоизини ташкил этади. Аҳоли сони XIX асрнинг 80 йилларидан бошлаб тез кўпая бошлаган. XVIII асрнинг бошларида мамлакат ҳудудида 1,2 млн. киши яшаган, 1790 йилда 2,9 млн. киши, XIX аср оxирида – 17,9 млн. кишига етган. Ҳозирда аҳоли сони 214 миллиондан зиёд. Мамлакат аҳолиси 175 та тилда сўзлашади.

Бразилия ҳудуди сайёрамиздаги жами қуруқликнинг 5,6 фоизини ташкил этади.