Андижонда

МЕҲНАТ КОДЕКСИ: ЭНДИ МАНФААТЛАР УЙҒУНЛИГИ ТОШ БОСАДИ


07.11.2022   209

Мамлакатимиз Президенти томонидан 2022 йил 28 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Мазкур меъёрий ҳужжат билан янги Меҳнат кодекси тасдиқланди.

Янги Меҳнат кодекси ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади. Андижон шаҳридаги “Ёшлар марказида” ташкил этилган семинарда ана шу жиҳатларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Депутатлар, ижтимоий соҳа вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этган тадбирда Ўзбекистoн Республикaси Oлий Мaжлиси Сенaтининг суд-ҳуқуқ мaсaлaлaри қўмитаси рaиси Наримон Умаров, Олий Мажлис депутати Наврўзбек Юсупов, Андижон давлат педагогика институти ректори Бахтиёр Расулов, вилоят ҳокими ўринбосари Насибулло Мўминов янги Кодекснинг қабул қилинишига эҳтиёж, якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий принциплари, ижтимоий шерикликни амалга ошириш тартиблари ва бошқа жиҳатлар хусусида ахборот бердилар.

Шунингдек, ходимларни меҳнат қилишга, эркин иш танлашга, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига ҳамда ишсизликдан ҳимояланишга бўлган ҳуқуқининг давлат кафолатларини белгилаш, иш берувчиларнинг кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва самарали меҳнат жараёнини ташкил этиш соҳасидаги ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш, меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни рағбатлантириш ва ривожлантириш, меҳнат бозорининг самарали фаолият кўрсатишига кўмаклашиш каби асосий вазифалар ҳақида сўз борди.

Давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча иш ўринларини, ихтисослаштирилган ташкилотларни, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар меҳнат қилиши учун ташкилотларни ташкил этишни таъминлайди.

Кодексда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш чоғидаги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорларни ушбу кечиктириш келтириб чиқарган йўқотишларни иш берувчига бир вақтнинг ўзида қисман ёки тўлиқ компенсация қилиш орқали олти ой муддатгача тўхтатиб туриши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда Янги Меҳнат кодекси иш берувчи ва ходим ўртасидаги ўзаро манфаатлар уйғунлигини кафолатлайди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.